Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси жойлаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Солиқ кодексининг 54-моддаси 30.12.2017 йилдаги ЎРҚ-455-сон Қонун таҳририда янгича баён этилган. Унда солиқ тўловчиларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни маълум бир муддат давомида тўлашни кечиктириш ёки қисмларга бўлган ҳолда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти тақдим этилади.

Norma.uz’нинг ёзишича, тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш солиқ таътиллари тарзида ёхуд солиқ қарзини тўлаш муддатини кейинроқ муддатга кўчириш тарзида берилади.

Илгари солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида «солиқ таътиллари» тушунчаси йўқ эди – бунда солиқ тўловчи солиқ мажбуриятини бажариш муддатини ўзгартириш ҳисобига тўлаши лозим бўлган солиқ тўловларини муайян муддат давомида камайтириш ва кейинчалик тўлаб бериш ҳуқуқига эга бўлади. 

Таътиллар қуйидагиларга берилиши мумкин:

•          вақтинчалик молиявий қийинчиликларга дуч келган инсофли солиқ тўловчиларга – 24 ойгача бўлган муддатга;

•          янги ташкил этилган корхоналар – ЯСТ тўловчиларга (савдо ва умумий овқатланиш корхоналари бундан мустасно) – давлат рўйхатидан ўтган пайтдан эътиборан 1 йилгача бўлган муддатга.

«Инсофли» мақоми охирги 2 йил ичида солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ бажариб келган солиқ тўловчиларга берилади.

Инсофли солиқ тўловчиларга солиқ таътиллари, шунингдек солиқ қарзини тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш Ҳукумат ёки у ваколат берган орган томонидан берилади. ЯСТ тўловчиларга таътиллар эса – солиқ ҳисобига олинган жойдаги солиқ инспекцияси томонидан берилади.

Лойиҳа билан нималар тартибга солинади?

Тасдиқлаш учун киритилган Низом билан солиқ таътилларини, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқини бериш тартиби ва механизмини белгилаш назарда тутилган.

У солиқ таътиллари даврида солиқ ҳисоботини тақдим этиш, кечиктирилган солиқлар ва мажбурий тўловларни бюджетга тўлаш тартибини ҳам белгилайди.