7 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судида Қўқондаги машҳур бозор – «Истиқлол» савдо комплекси юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича суд жараёнлари бошлангани ҳақида хабар берилганди.
Мазкур жиноят иши Раҳмат Сулаймонов ва Рустам Сулаймоновларга нисбатан тергов қилиниб, уларга нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисм «а» ва «г» бандлари (туҳмат), 165-моддаси 3-қисм «а» банди (товламачилик) ҳамда 168-модда 3-қисми «а» банди (фирибгарлик) билан айблов эълон қилинган.
Суд мажлисида дастлаб, жабрланувчи Алишер Сулаймоновнинг кўрсатуви тингланди. У ўз сўзларида «ҳақиқатан Раҳмат Ғаниев билан ҳамкорлик қилиш учун ҳузурига боргани, ундан 100 минг АҚШ доллари олиб, келгусида яна 100 минг, жами 200 минг АҚШ долларига бўлажак бозорнинг ярмини сотгани ҳақида» айтиб ўтди.
«Орада Аббосхон амаким бу ерга тошкентликлар қизиқиш билдирганини, тортиб олсалар, ҳеч қандай ёрдам бермаслигини айтди. Шу сўзларни Раҳмат Сулаймонов ҳам такрорлади, корхонасига чақириб, ерни ўз номига расмийлаштириб беришим зарурлигини уқтирди. Босим ва тазйиқ остида бозор унинг номига расмийлаштирилди. Нотариус ҳузурида, қолаверса бошқа ҳужжатларга ҳам шахсан имзо чекдим. Аммо, ўз хоҳишим билан юз бермади. У мени қўрқитди. Бўлган воқеадан хабар топган Раҳмат Ғаниев эса аввалдан берган 100 минг АҚШ долларини қайтаришимни талаб қилди. Пулларни мени қўрқитган Раҳмат Сулаймоновнинг акаси Рустам Сулаймонов орқали бериб юбордим», дейди жабрланувчи.
Судланувчининг ҳимоячилари Алишер Сулаймоновга бир нечта саволлар билан юзланди. Хусусан, аввалги ўтказилган суд баённомасида Алишер пулларни Раҳмат ака орқали бериб юборгани ёзилган. Бу юзасидан жабрланувчи қуйидагича фикр билдирди:
«Суд котиби адашган, мен аниқ қилиб, Рустам акани кўрсатгандим», дейди у. Судланувчининг ҳимоячиси «Раҳмат Сулаймоновдан нега қўрқдингиз? Нотариусда барчасини онгли равишда амалга ошираётганингизни билдиргансизку?!», дея юзланганда Алишер «ҳа, рост. Чунки менга шундай қилишимни буюришди. Гап шундаки, Раҳмат ака отамни қаматиб юборган. Мени ҳам қаматиб юборишидан қўрқдим», деб жавоб қайтарди.
Бозор Раҳмат Сулаймонов номига расмийлаштирилгач, Раҳмат Ғаниев пулларни талаб қилиб, ИИБ ариза билан мурожаат қилган. Шундай сўнг, Алишерга нисбатан ЖК 168-моддаси билан айблов эълон қилиниб, суд олдида жавоб беришга мажбур бўлганди. Ушбу ҳолатда, ака-ука Рустам ва Раҳмат Сулаймоновлар Алишерни суддан чиқариб олиш учун келтирилган зарарни қоплаган.

















