Триллион долларга баҳоланувчи илк компания технологик корпорация бўлади. Бунга деярли шубҳа йўқ. Бироқ чўққига ким биринчи бўлиб етади ва ким янги солиқлар тўлови борасида бир тўхтамга келади номаълум. Асосий даъвогарлар — Apple, Google, Amazon, Microsoft ва Facebook'нинг яқинда тақдим этилган молиявий ҳисоботлари уларнинг акциялари ўсиш салоҳиятини тахмин қилиш имконини беради.

Триллион долларлик капитализация — АҚШ оммавий компанияларидан бирортаси ҳали етиша олмаган кўрсаткич — аввал фонд бозори афсонасидек туюлган. Бироқ қатор компаниялар акциялари нархларининг кескин тушиб кетиши айнан 2018 йил "триллион долларлик" компания йили бўлиши мумкинлигини тахмин қилиш имконини берган, эҳтимол, гап фақат бир компания ҳақида эмасдир.

Компанияларнинг молиявий натижалари — кучларни қайта саралашнинг асосий индикаторларидан бири. Шунинг учун ўтган ҳафтада тақдим этилган чорак ҳисоботлари бозорнинг диққат-эътиборига тушди — айниқса, 2017 йилнинг декабрида АҚШда қабул қилинган янги U.S. Tax Cuts and Jobs Act солиқ қонуни фонида. Унинг мазмуни шундан иборатки, энди Америка компаниялари хориждаги даромадларига нисбатан жорий қилинган уй солиқларини четлаб ўта олишмайди, шу боис чет элдаги даромадлар умумий ҳажмининг 15,5 фоизи миқдорида бир марталик "транзит" солиқ тўлашга мажбур. Бироқ 2018 йилнинг 1 январидан даромадга тўланадиган корпоратив солиқ ставкаси 21 фоизгача пасайди. Forbes янги қонуннинг  технологик компаниялар йил якунларига қандай таъсир қилганига доир мақоласи билан бўлишди.

Apple: маррага энг яқин компания

Триллион долларлик кўрсаткичга энг яқин келаётган компания Apple бўлиб, унинг капитализацияси 821 миллиард доллардан ортиққа баҳоланмоқда. Компания декабрь ойидаги чорак ҳисоботида 88,3 миллиард доллар даромади билан мутлақ рекордга доир ҳисобот берди - бу бир йил аввалги кўрсаткичга нисбатан 13 фоизга кўп ва 20 миллиард доллардан зиёд соф даромад демакдир, бу 2016 йилдагидан 12 фоизга кўп ва таҳлилчилар тахминларидан юқоридир.

Бундан аввал Apple хорижий активлари учун 38 миллиард доллар солиқ тўлаши ҳақида маълум қилган. Бироқ тўловлар жорий йилга тўғри келади, шунинг учун бу чорак ҳисоботига таъсир кўрсатмаган. Компаниянинг нақд пул воситалари ҳажми рекорд даражага етди - 285 миллиард доллар.

30 декабрда якунланган чорак учун ҳисоботдаги асосий масала  iPhone сотувлари динамикаси бўлган. 2017 йилнинг ноябри бошида iPhone X смартфони бозорга чиқди. Apple флагман смартфонининг 1000 долларлик таваккал ставкаси компания учун ҳам фойда, ҳам зиён етказиши мумкин эди.