Жаҳон | 09:35 / 13.02.2018
46307
2 дақиқада ўқилади

26 ёшли қизнинг кўзидан 14 та чувалчанг чиқариб олинди

Фото: Fotolia / romaset

Олимлар аввал фақат ҳайвонларда учраган Thelazia gulosa чувалчанги (гельминтлар - чувалчанглар, гижжаларнинг бир тури) одамларга ҳам ўтиши мумкин эканини аниқлашди. Бу ҳақда Live Science ёзмоқда.

Мақолада америкалик 26 ёшли Эбби Бекли ҳақида ҳикоя қилинади, у 2016 йилда балиқ овлаш пайтида ўз кўзида узунлиги 1,3 сантиметр бўлган шаффоф чувалчангни топган. Қиз бир ҳафта давомида бош оғриқлари ҳамда асабийлик кузатилганидан сўнг шифохонага мурожаат этади. Тиббиёт ходимлари 20 кун давомида унинг кўзидаги шиллиқ пардадан 14 та Thelazia’ни чиқариб олишди.

Мақолада таъкидланишича, бундай чувалчангларнинг инсон кўзида узоқ вақт бўлиши мугуз парда (кўзнинг энг устки тиниқ пардаси)нинг зарарланиши ва кўзи ожизликка олиб келади. Бироқ, Эбби Беклида паразитлар олиб ташланганидан кейин ёқимсиз ҳолатлар дарҳол йўқолган. Шу билан бирга, кўз жароҳатлари аниқланмади.

Кейинчалик АҚШ касалликларни назорат қилиш ва профилактикаси бўйича маркази мутахассисларининг аниқлашича, чувалчанглар Thelazia gulosa турига тегишли бўлиб, у аввал фақат мушуклар, итлар, тулкилар ва йирик шохли қорамолда учраган. Тадқиқотчилар тахминича, паразитлар қизнинг кўзига Musca autumnalis пашшалари туфайли кириб қолган.

Мавзуга оид