Мамлакатда 20 йил деганда илк маротаба ўрта махсус таълим тизими модернизация қилинмоқда. Ниҳоят, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимида йиғилиб қолган муаммоларнинг ечими топилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази директори Муродулло Холмуҳаммедов “Халқ сўзи” нашрига қуйидагиларни гапириб берди.

- Ўзбекистонда касб-ҳунар коллежларида таълим тизими ўзгариши, бу айни дамда фаолият юритаётган коллежларнинг “ёппасига ёпилади”, дегани эмас. Президентимизнинг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази фаолиятини такомиллаштиришга оид қарорида коллежлар вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ҳамда йирик корхоналарга бириктирилиши белгилаб қўйилган.

Юртимиздаги касб-ҳунар коллежларининг келажакдаги қиёфаси ҳақида гапиришдан аввал, келинг, иқтисодиёти у қадар ривожланмаган мамлакатдан қисқа вақт ичида юқори технологиялар давлатига айланган, ушбу соҳада катта муваффақиятга эришган Жанубий Корея, Финляндия ва Сингапур тажрибасини эсга олсак. Мазкур мамлакатлар ўз таълим тизимига тўғри ўзгартишларни киритгани, бу соҳада оқилона сиёсатни олиб боргани учун ҳам шундай даражага чиққан. Улар ўқитувчиликка истеъдодли кадрларни жалб қилиш мақсадида педагогларнинг маоши ва обрўсини кескин оширган эди.

Таълим борасида энг илғор хорижий тажрибаларни ўрганиб, амалда қўллашни режалаштирган Ўзбекистон ҳам ана шундай тезкор ривожланиш йўлини танламоқда.

Айтиш жоизки, коллежлар вазирлик ва идоралар, буюртмачи иш берувчи корхоналар ва ташкилотларга бириктирилади. Ҳар битта тайёрлов йўналиши бўйича ривожланиш концепцияси ишлаб чиқилади, миллий квалификация рамкалар белгиланади ҳамда касбий стандарт ишлаб чиқилади. Профессионал стандарт маъноси шуки, дейлик, битта иш ўрни ишчидан қандай малака ва кўникмаларни талаб қилади, ушбу ҳолат ўрганилиб, шу асосда модулли ўқув режалари юзага келади.

Таълим жараёни эса доимий равишда такомиллаштирилиб борилади. Бундан мақсад — касб-ҳунар таълими тизими иқтисодиёт ривожланишининг муҳим компонентига айлансин. Яъни юқори малакали ишчи, касб эгалари, иқтисодиётнинг ўрта бўғини мутахассислари тайёрланади. Айни дамда иқтисодиётда беш мингдан зиёд касб ва мутахассисликлар учун касб таълими бўйича маълумот талаб этилади.

Яқин истиқболда профессионал стандарт, миллий квалификация рамкалари халқаро квалификация рамкаларига мос равишда ишлаб чиқилади. Бу дегани коллежларда жаҳон меҳнат бозорида рақобатдош кадрлар тайёрланиши йўлга қўйилади. Касблар, мутахассисликларнинг мураккаблигидан, ўқувчилар эгаллаши керак бўлган билими, малака, кўникма ва компетенциялар ҳажмидан келиб чиқиб, дифференциаллашган 6 ойдан 2 йилгача бўлган таълим дастурлари жорий қилинади.