Жаҳон | 00:30 / 13.02.2018
16418
2 дақиқада ўқилади

Саакашвили Польшага чиқариб юборилиши тафсилотларини сўзлаб берди

Грузия собиқ президенти ва «Янги кучлар ҳаракати» партияси етакчиси Михаил Саакашвили Варшавага етиб боргач, сиёсий сафдошлари билан боғланган ва Украинадан чиқариб юборилиши тафсилотларини сўзлаб берган. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар тарқатди.

«Мени қўлга олишиб, автобусга миндиришди, кейин вертолётга чиқаришди. Вертолёт бироз вақт Киев устида айланиб учди. Шундан сўнг Борисполга қўнди, бу ерда мени куч билан самолётга олиб чиқишди», — деган Саакашвили.

Сиёсатчи ўзининг мамлакатдан чиқариб юборилишида Украина президенти Петро Порошенкони айблаган ва бу қарорни «ҳаддан ташқари ожизлик ва қўрқоқлик» деб атаган.

Саакашвили фейсбукдаги саҳифасида ўз тарафдорларини «Украина ҳукуматининг бу ҳаракатига хотиржамлик билан муносабат билдириш»га чақирган.

Бундан аввалроқ Саакашвили Польшага учиб келгани ҳақида хабар берилганди.

Саакашвили 2017 йил 10 сентябрда Украинага Польша орқали келган. Унинг тарафдорлари Польша-Украина чегарасидаги ўтказиш пунктидаги куч тузилмалари ходимлари ҳалқасини ёриб ўтиб, сиёсатчини Украина ҳудудига олиб ўтишганди. 

Мавзуга оид