Жаҳон | 08:47 / 13.02.2018
12717
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда ундан заҳарланганлар сони 39 кишига етди 

Фото: Sputnik

Тожикистоннинг Тоғли-Бадахшон мухтор вилоятида заҳарли ундан заҳарланганлар сони 39 кишига етди.

Ўтган ҳафта охирида тахминан 20 киши, асосан, 3-5 ёшлар оралиғидаги болалар, “гелиотропли гепатит” ташхиси билан шифохонага ётқизилган, деб хабар бермоқда Тоғли-Бадахшон мухтор вилояти соғлиқни сақлаш ва аҳоли ижтимоий ҳимояси бошқармаси бошлиғи Насригул Некушоева.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистоннинг Тоғли-Бадахшон мухтор вилояти Ишкашим туманидаги икки қишлоқда оммавий заҳарланиш юз бергани хабар қилинганди. Маҳаллий тадбиркор томонидан олиб келинган буғдойдан тортилган ундан тайёрланган таомларни истеъмол қилган одамлар заҳарланган, бир инсон вафот этган.

Тоғли-Бадахшон мухтор вилояти давлат ҳокимияти ижро органи матбуот котиби Нилуфар Асламшоеванинг фейсбукдаги саҳифасида хабар беришича, ўтган йилнинг август ойида маҳаллий тадбиркор, Питун қишлоқ жамоати Туғоз қишлоғида яшовчи шахс Тожикистон жанубидаги Хатлон вилояти Хамадоний туманида сотиб олинган 5,4 минг килограмм буғдойни қишлоққа олиб келган.

«5,5 тонна буғдой олиб кирилган, маҳаллий аҳоли бу буғдойдан тортилган уннинг 2 тоннадан ортиғини истеъмол қилиб бўлган. Вазият жуда оғир. Ишкашимга пойтахтдан етиб келган мутахассислар одамларни қутқариб қолиш учун барча ишни қилишмоқда», - дея айтиб ўтди Тоғли-Бадахшон мухтор вилояти соғлиқни сақлаш ва аҳоли ижтимоий ҳимояси бошқармаси бошлиғи Насригул Некушоева.

Мавзуга оид