«Ўзбекистонда илиқлик даври бошланмоқдами?»
Британиянинг нуфузли Financial Times газетаси саҳифасида чоп этилган мақолада ана шундай савол берилади. Мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларга бағишланган ушбу мақоланинг муаллифи Найл Баклидир, деб ёзмоқда “Жаҳон” АА.
Унинг қайд этишича, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатни ташқи дунёга очишга қаратилган қатор дадил қадамлар ташлади. Сиёсий маҳбусларнинг озод этилгани, илгари сафарга чиқиш ва ишга жойлашишга тўсқинлик қилган “қора рўйхат”дан минглаб одамларнинг ўчирилгани шулар қаторида қайд этилади.
Давлат раҳбари виртуал қабулхонасининг ишга туширилгани ва унга 1,6 миллиондан зиёд аҳоли вакиллари шахсий ва ижтимоий аҳамиятга молик долзарб муаммоларни ҳал этиш юзасидан мурожаат қилгани мақолада алоҳида таъкидланган. Оммавий ахборот воситалари анча эркин фаолият кўрсатаётгани, уларда танқидий руҳдаги материаллар эълон қилинаётгани ҳам ўқувчилар эътиборига ҳавола этилган. “Ўтган йили кеча-кундуз фаолият кўрсатадиган “Ўзбекистон-24” янгиликлар канали иш бошлади, Халқаро Пресс клуб томонидан тайёрланган сиёсий мавзулар ҳамда турли даражадаги мансабдорлар ишлари ҳақидаги ток-шоулар ҳам унинг дастуридан жой олган".
Иқтисодиёт соҳасидаги ўзгаришлар ҳақида тўхталар экан, Financial Times журналисти Ўзбекистон Президентининг бизнес соҳасида навбатдан ташқари текширувларга икки йиллик мораторий жорий этиш тўғрисидаги ташаббусини қаламга олган. Сармоядорларга солиқ имтиёзларини таклиф этадиган махсус иқтисодий зоналарнинг ташкил этилгани стратегик аҳамиятга молик муҳим чора-тадбирлар сифатида таърифланади.
“Республика арзон энергия етказиб бериш нуқтаи назаридан ўзига тўқ бўлиши учун табиий ресурсларнинг етарли захираларига эга. Қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, озиқ-овқат, фармацевтика заводлари бунёд этиш, сайёҳликни ривожлантириш бўйича жуда катта режалар кўзланмоқда. Ўн йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилоти аъзолигига кириш учун музокараларни қайтадан бошлади. Европа тикланиш ва тараққиёт банки эса республикада ўз фаолиятини яна бошлади”.
Найл Баклининг маълум қилишича, сон жиҳатидан тез ўсиб бораётган ёшлар учун иш ўринларини яратиш президент Шавкат Мирзиёев ҳаётга татбиқ этаётган ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади. Шу ўринда британиялик шарҳловчи республикамиз аҳолисининг ярмидан зиёдини 30 ёшгача бўлган авлод вакиллари ташкил этишини, ҳар йили эса 600 минг киши меҳнат бозорига чиқишини эслатиб ўтган.
Қозоғистонда содир бўлган фожеа – ишлаш учун Россияга кетаётган автобус билан 52 нафар ўзбекистонликнинг ёниб кетгани бу мавзунинг долзарб эканлигини яққол намоён этди. Журналист давлат раҳбарининг бу ҳодисага муносабатини алоҳида қайд этган:
“…Шавкат Мирзиёев ўзбекистонлик ёшларни ўз ватанига қайтариш учун иқтисодий шароитлар яратишга ваъда берди. “Мен уларнинг ота-оналарига нима дейман?”, деган саволни ўртага ташлар экан, Президент қуйидаги фикрни қўшимча қилди: “Агар одамларимизга шароит яратганимизда бундай воқеалар содир бўлмас эди”.
Муаллифнинг ёзишича, 2017 йил сентябрида Ўзбекистонда валюта чекловлари бекор қилинди. Бу миллий сўмнинг қадрсизланишига олиб келган бўлса-да, ташқи савдо ва сармоялар учун сезиларли тўсиқларни бартараф этди. “Умуман олганда, бир хорижлик мансабдорнинг эҳтиёткорлик билан фикр билдиришича, Ўзбекистонда совуқ замон ниҳоясига етмоқда, илиқлик даври бошланмоқда”, дея қайд этилади мақолада.
Британиялик журналистнинг фикрича, Ўзбекистондаги ўзгаришлар кенг қамровли натижаларга олиб келиши мумкин. Минтақанинг асосий давлати бўлган бу республика Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари ҳамда Афғонистон билан чегарадошдир. Муаллифнинг ишонч билан ёзишича, Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг давом этиши “ўзгаришларни амалга ошириш мумкин” эканлигини кўрсатиб беради. Бундан ташқари, улар илгари Ўзбекистон ташқи сиёсатига хос бўлган изоляционизмни кучсизлаштиришга қодир бўлгани баробарида уни Евроосиё юрагига таъсир ўтказиш бўйича Россия, Хитой ва АҚШ олиб бораётган “Янги катта ўйин”даги муҳим давлатга айлантиради.
Мавзуга оид
15:20 / 14.11.2024
Ўзбекистонда етиштирилган мева ва сабзавотлар Британия бозорига экспорт қилинади
13:07 / 09.11.2024
Қозоғистон Британия санкцияларига дучор бўлган компаниялари ҳақида изоҳ берди
17:59 / 08.11.2024
Британияда эркак газли ичимликларга қарамликдан қутулиш учун гипноздан фойдаланди
09:05 / 07.11.2024