Ўзбекистон Республикаси президенти “Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА’да келтирилган.
Ҳужжат билан эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг фармацевтика тармоғини ривожлантириш соҳасидаги ишларни ташкил этиш борасидаги фаолияти қониқарсиз, деб топилди.
Ишда жиддий камчиликларга йўл қўйганлиги ва лозим даражадаги ташаббускорлик йўқлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори З.А.Дусанов ва мазкур агентлик директорининг биринчи ўринбосари М.М.Дусмуратов эгаллаб турган лавозимидан озод этилганлиги маълумот учун қабул қилинди.
Белгилаб қўйилишича, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш бўйича тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ амалга оширилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
“Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналаридаги ҳақиқий вазиятни ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Қ.В.Акмалов) икки ой муддатда ишчи гуруҳлар фаолиятининг якунлари бўйича қуйидагиларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди:
Доривор ўсимликларнинг плантацияларини ташкил этиш бўйича тадбирлар дастури;
Тайёр дори воситалари ва тиббий буюмлар, ёрдамчи ва ўраш-жойлаш материалларини ишлаб чиқариш бўйича эркин иқтисодий зоналар ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳалари рўйхати.
Белгиланишича, вилоят миқёсидаги масъул давлат органлари ва ташкилотлар ҳар ойда Қорақалпоғистон Республикаси ва тегишли вилоятлар прокурорларига эркин иқтисодий зоналарда амалга оширилаётган ишларнинг бориши ҳақида ҳисобот тақдим этади.















