Ўзбекистон Республикаси президенти “Прокуратура органларининг қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлашдаги фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурада Ижтимоий қонунчилик ижросини назорат қилиш бўйича Бошқарма ва Иқтисодий қонунчилик ижросини назорат қилиш бўйича Бошқарма;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестициялар ҳуқуқий ҳимояси бўйича Бошқарма ва унинг ҳудудий бўлимлари;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш Бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари тугатилмоқда.

Белгиланишича, 2018 йил 1 мартдан прокуратура органлари ходимларининг Ягона тариф жадвали бўйича маош тўлаш ҳақидаги тасдиқланган разрядлар бўйича лавозим иш ҳақини белгилашда тариф коэффициенти бир ярим баробарлик ҳажмда қўлланилади;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси марказий аппаратининг хизмат унвонига эга бўлган ходимларига лавозим иш ҳақларига алоҳида меҳнат шароитлари учун ҳар ойлик устама миқдори 50 фоизни ташкил этади.