Олди-сотди шартномаси – турар жой сотиб олинишига доир битимларни тасдиқловчи энг кенг тарқалган ҳужжат. Сўнгги йилда уни тузиш таомилига муҳим ўзгартиришлар киритилди. Уй-жой сотиб олиш ёки сотишга қарор қилган бўлсангиз, нималарни билиш кераклиги ҳақида Norma.uz шарҳ тақдим этди.
Қонун бўйича турар жойнинг олди-сотди битими қандай расмийлаштирилади?
Турар жойнинг олди-сотди шартномаларини тузишга доир умумий масалалар Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади. Қуйидаги жиҳатларни ёдда тутиш зарур:
• турар жойнинг олди-сотди шартномаси ёзма шаклда тузилади, битимга риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлади (ФКнинг 479-моддаси);
• уй, квартирани, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини сотиш шартномаси нотариал тартибда тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим (ФКнинг 488-моддаси);
• шартномада шартнома бўйича сотиб олувчига топширилиши лозим бўлган турар жойни аниқ белгилаш имконини берадиган маълумотлар кўрсатилган бўлиши шарт, улар бўлмаса, шартнома тузилмаган ҳисобланади (ФКнинг 484-моддаси);
• харидор сотиб олганидан кейин қонунга мувофиқ уй-жой биносидан фойдаланиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қоладиган шахслар (агар бундай шахслар бўлса) шартномада кўрсатилган бўлиши керак (ФКнинг 488-моддаси);
• сотувчи сотиб олувчига шартнома шартларига мувофиқ келмайдиган уй-жой сотганида, сотиб олувчи камчиликларни текинга бартараф этишни ёки камчиликларни бартараф этиш учун қилинган харажатлар қопланишини, харид нархини мутаносиб равишда камайтиришни ёки кўрилган зарар ўрнини қоплаган ҳолда шартнома бекор қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга (ФКнинг 434-моддаси).
Тузамиз, тасдиқлаймиз, рўйхатдан ўтказамиз
Қайси уйни сотиб олиш ҳақида бир тўхтамга келган бўлсангиз, сотувчи билан бирга нотариус ҳузурига боришингиз керак бўлади. Кейинчалик масала Вазирлар Маҳкамасининг 27.02.2017 йилдаги «Битимларни нотариал тасдиқлаш тартибини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 106-сон қарорига мувофиқ ҳал этилади.
Ёнингизда қуйидаги ҳужжатлар бўлиши зарур:
• паспорт ёки битим томонларининг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат;
• кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат билан биргаликда кўчмас мулкнинг кадастр йиғмажилди;















