Чемпионлар Лигасидаги илк ўйинларда икки жамоа қайсидир паллада ўзига жуда қониқарли ҳисобга эришган ҳолда, кейинчалик устунликни қўлдан чиқариб қўйди. «Ювентус» ва «ПСЖ».

Вазиятларга, айниқса, ҳолатга стратегик ёндошиш жуда аҳамиятли бўлиб қоладиган плеф-офф ўйинларига тўғри ёндашиш кучли клуб учун жуда керак. Шу томондан «Ювентус» ва «ПСЖ» ўхшаш, ҳар икки жамоа қайсидир паллада тушунмай қолди – 2:1 яхши ҳисобми, биз ҳужумга зўр бериб, уни ўзгартиришга уринайликми ёки шу ҳисобни сақлаб қолиш ҳам ютуқми? «Ювентус» «Тоттенҳэм»нинг, «ПСЖ» эса, ўзининг кучига муносиб баҳо бермади, ўйин пайтида мақсадни йўқотиб қўйгандек туюлди ва ҳар иккиси яна биттадан гол ўтказиб юборди.

Балки «ПСЖ» мадридликларнинг кучига ҳам муносиб баҳо бера олмагандир. Умуман, мавсум давомида жуда беқарор ўйин ва натижа қайд этаётган, аммо бир ўйинда исталган чўққига чиқиши мумкин бўлган «Реал»нинг кучи нимада? Ахир ўтган йили клуб ўзи иштирок этган барча муҳим кубокларни ютганда ҳам, Европа учун етиб бўлмас қандайдир чўққини намойиш қила олмаганди, тўғрими?

Ўша ўйинларнинг сценарийсига эътибор берсангиз, ўхшаш жиҳатларни пайқаш мумкин. «Бавария» билан ўйинларда ҳам, «Атлетико» ёки «Ювентус» билан финалларда ҳам, «Реал»нинг ўйин охирларида кучайиб кетганини кузатгандик. «ПСЖ» билан баҳснинг иккинчи бўлимида майдонга тушган Асенсио қисқа вақтда иккита голли пас узатганидан кейин, бу ўйиннинг ҳам аввалгилари билан умумийлигини пайқагандек бўлдим. 

Ва саволга жавоб топилди: «Реал»нинг захира ўриндиғи кучли. 
Йўқ, гап фақат Асенсио ёки Лукас Васкесда эмас. Улар ҳар қандай жамоанинг асосий таркибидан жой оладиган суперюлдузлар эмас, аслида, Европадаги ҳар қандай топ клубда унинг савиясидаги захира футболчилар бор. Баъзи паллаларда Асенсио асосий таркибда ҳам ҳаракат қилганида ҳам, унинг ҳали энг зўр савияга чиққан тайёр футболчи эмаслигини билдик. Гап бошқа ёқда, «Реал»нинг захира футболчиларида бошқа хусусият бор.

Мисол учун, ҳар қандай мураббий 2-бўлимда бошқа футболчиларни майдонга тушириш орқали, ўйинни кучайтирмоқчи бўлаётгандек кўринади. Аслида бу ерда парадоксга дуч келамиз, агар маълум футболчи захирадан тушиб ўйинни кучайтирса, нега 1-бўлимдан бошлаб ўша кучли ўйинни кўрсатишнинг иложи йўқ? Демак, мураббийлар ўйинни кучайтирмоқчи эмас, ўзгартирмоқчи бўлишади – яъни, захирадан футболчи тушириш орқали, ўйин тактикасини, майдондаги вазифаларни ва услубни сал бўлса-да, ўзгартиришади.