Фаластин муаммосининг ҳал қилинмагани Яқин Шарқда ИШИД каби экстремистик ташкилотлар ва ҳаракатлар пайдо бўлишига муҳит яратади. Бу ҳақда хавфсизлик бўйича Мюнхен анжуманида Араб давлатлари лигаси бош котиби Аҳмад Абу ал-Гайт айтиб ўтди. 

“ИШИД ҳам, бирорта бошқа радикал гуруҳ ҳам ўз-ўзича Яқин Шарқнинг муаммоси ҳисобланмайди”, деб айтган ал-Гайт. Унинг фикрича, ИШИД мағлубиятга учради ва йўқолмоқда. Ал-Гайтнинг таъкидлашича, шу билан бирга “муаммо ИШИД ва унга ўхшаш гуруҳларни вужудга келтирадиган муҳитдан иборат ва у Фаластин масаласининг тартибга солинмагани билан боғлиқ”. 

Ал-Гайтнинг қўшимча қилишича, “араб ёшлари ва минтақа аҳолиси Фаластин ёддан чиқарилиб, ўз ҳолига ташлаб қўйилган, деб ўйлаб ғазаб ва нафрат ҳис қиладилар”.