KUN.UZ сайтида Навоий вилояти Нурота тумани Қизилча қишлоғидаги ижтимоий муаммолар юзасидан 2017 йил 16 ноябрида мақола эълон қилинган эди. Ўша сафаримизда Қизилча қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаролар билан учрашиб, уларни йиллар давомида қийнаб келаётган муаммолар ўрганилган эди. Уларнинг айримларини яна бир марта ёдингизга соламиз:

-  Қизилча қишлоғи аҳолисини мана бир неча йилдирки, ичимлик суви муаммоси қийнаб келади. Ўтган асрнинг 60-йилларида барпо этилган ичимлик сув тизимига ичимлик суви Қорабулоқдан тоғ даралари оралаб, махсус ҳовузларда тўпланганидан сўнг келади. 5500 дан ортиқ фуқаро шу қувурлар орқали келадиган сувдан истеъмол қилади. Аммо вилоят ДСЭНМ бошқармаси ушбу ичимлик сувни зарарсизлантирмасдан истеъмол қилишга яроқсиз эканини, унда паразитлар борлигини қайд этган. Қолаверса, аҳоли сони ортиб боргани сайин биргина қувур орқали етказилаётган яроқсиз сув ҳам етишмаяпти. Бундан бир неча йил аввал Қорабулоқдан иккинчи қувурни тортиш учун бюджетдан 800 млн сўм пул сарфланди. Аммо лойиҳалаштириш сифатсиз амалга оширилгани сабабли пул ҳавога совурилди. Айни вақтда ундан фойдаланиш имконсиз.

-  5500 фуқаро учун қишлоқда бирорта ҳам савдо растаси мавжуд эмас. Ҳафтанинг ҳар душанба тонгида бир неча соатлик кўчма бозор ташкил этилади. Аҳоли ҳафталик эҳтиёжи учун маҳсулотларни шу вақтда харид қилиш тадоригини кўради. Бир вақтлар фаолият юритган “Оталар чойхонаси” ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.