Ўзбекистонлик яна бир боксчи профессионал боксга ўтди
-60кг.гача вазн тоифасида рингга кўтарилиб келаётган Элнур Абдураимов фаолиятини профессионал боксда давом эттиришга қарор қилди. Бу ҳақда боксчининг ўзи KUN.UZ мухбирига маълум қилган.
Боксчининг айтишича, у эртага АҚШга йўл олади ва у ерда профессионал боксдаги илк машғулотларини олиб боради.
«Американинг Devils Fight Сlub промоутерлик компанияси билан келишувга эришдик. У ерда менга асли россиялик бўлган Макс исмли промоутер ҳамроҳлик қилади. У менга Америкадаги янги муҳитга мослашиб олишимга, тил билан боғлиқ муаммоларга дуч келмаслигимга ёрдам беради. Чунки у русчани билади ва анчадан буён ўша ерда бўлиб турибди. Янги жойга мослашишим қийин кечмайди деган умиддаман», дея гапириб ўтди Абдураимов.
Осиё чемпиони, жаҳон чемпионати совриндори бўлган Элнур Абдураимов АҚШга тезда кўникиб кетиши учун ўзбекистонлик боксчилар ҳам ёрдам беришини ҳисобга олганини айтиб ўтди. Унинг айтишича, ҳозирда шартнома тузмоқчи бўлган промоутерлик компаниясида ўзбекистонлик боксчи ҳам бор.
«Профессионал боксда бешта жанг ўтказган Хуршид Норматов ҳам (Норматов профессионал бокснинг супер ўрта вазн (-69кг) тоифасида рингга чиқади. 5 жанг, 5 ғалаба, 2 нокаут — KUN.UZ изоҳи) мен шартнома тузмоқчи бўлаётган промоутерлик компанияси билан бирга ишларкан. Шунингдек -56 кг вазн тоифасида рингга чиқадиган Муроджон Аҳмадалиев ҳам шу компания билан шартнома тузмоқчи. Оғир вазнда рингга чиқадиган Баҳодир Жалоловни ҳам шу клубга олиб келишмоқчи. Бу албатта менга ҳам адаптация учун ёрдам бериши тайин».
Элнур Абдураимов клубда бу ерда икки ойга яқин вақт давомида машғулотларда иштирок этмоқчи. Шундан сўнг у профессионал боксдаги илк жангини ўтказишни режалаштирган. Элнур у ерда қайси мураббий билан ишлашини ҳам ошкор қилди
«Энди биринчи навбатда у ерга бориб янги жойга мослашиб, янгича муҳитга мослашиб оламиз ва машғулотларга киришамиз. У ерда яқиндагина Ломаченкога қарши жанг қилган Гильермо Ригондонинг (17-1, 11 КО) мураббийи Педро Диас менга устозлик қилишини айтишди. Шундай тажрибали мураббий қўл остида икки ойча машғулотлар ўтказиб, апрель ойида илк жангимни ўтказишни режалаштиряпмиз», дея гапириб ўтди Абдураимов KUN.UZ мухбири билан суҳбатда.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги йилларда ўзбекистонлик бир қатор боксчилар, жумладан Фазлиддин Ғоибназаров, Шаҳрам Ғиёсов, Муроджон Аҳмадалиевлар фаолиятини профессионал боксда давом эттирадиган бўлишганди. Элнур уларнинг сафини тўлдирадиган бўлди.
Мавзуга оид
08:50 / 17.12.2023
Муроджон Аҳмадалиев нокаут эвазига ғалаба қозонди
09:29 / 09.04.2023
Мадримов америкалик рақибини мағлуб этди, Аҳмадалиев ютқазди
07:46 / 26.06.2022
Муроджон Аҳмадалиев ҳимоя жангида нокаут билан ғалаба қозонди (видео)
08:30 / 08.05.2022