Тошкент вилояти Зангиота тумани Тарнов МФЙдан таҳририятимизга мурожаат қилишди. Улар маҳалла аҳолисини қийнаб келаётган қатор муаммолар бир неча йиллардан буён кўплаб идораларга мурожаат қилинганига қарамай ҳал этилмаётганини таъкидлашди. 

Биз вазиятни ўрганиш мақсадида ушбу маҳаллага бориб, фуқаролар билан учрашдик. Охунбобоев кўчаси, 3-тор кўчасида истиқомат қилувчи аҳоли қишнинг совуқ кунларида табиий газ босими пастлигидан шикоят қилишди. Таъбир жоиз бўлса, бу берилаётган газ йўқ бўлиб, йўқ эмас, чунки қувурда газ бор, аммо унда овқат қилиш у ёқда турсин, сув иситиш қозонини иситишнинг ўзи бир масала. Фуқароларнинг айтишларича, яқингинада MY5 телеканалидан келиб кетишгач, 2-3 кун табиий газ босими яхши бўлган, бироқ кейинчалик яна эски ҳаммом, эски тос, газ босими пасайиб кетган. Аҳоли табиий газ учун олдиндан тўлов тизими жорий қилинишига ҳам рози. Фақатгина етарли босимда газ бўлса бўлгани. 

Зангиота туман газдан фойдаланиш хизмати мутахассиси Алиев Музаффар ушбу ҳолат юзасидан тушунтиришлар берар экан, газ босимини етарли даражада таъминлаш борасида чоралар кўрилаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда келаси йил қиш мавсуми, яъни 2018-2019 йилги мавсумдан бошлаб газ таъминотида узулишлар бўлмаслиги учун чоралар кўрилмоқда. Бизнинг аҳоли бу йилги қиш мавсумини қандай ўтказсин, қолаверса, 2017-2018 йилги қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича ҳукумат қарори ҳар қачонгидан бир неча ой аввал қабул қилинган эди-ку?, деган саволимизга мутахассис тайинли жавоб бера олмади. 

Бундан ташқари,Тарнов МФЙ ва ушбу атрофда истиқомат қилувчиларни қийнаётган масалалар биргина табиий газ таъминоти билан боғлиқ эмас. Бу ерга ичимлик суви ҳам жадвал асосида берилиши жиддий қийинчиликлар келтириб чиқармоқда. Кўчаларнинг аҳволини гапирмаса ҳам бўлади.

Бир неча бор мурожаат қилинганига қарамай, айнан ушбу маҳалладан шаҳарга борувчи йўловчи автобуси қўйилмагани сабабли фуқароларнинг эрталабки вақтда шаҳарга бориши қийин бўлмоқда. Аҳолининг таъкидлашича, Козим Тўлаганов ҳоким бўлган вақтларда ваъда берилган, темир йўл переезди устидан қурилиши режалаштирилган кўприк ҳам ҳамон “қурилмоқда”.