Ўзбекистон | 15:42 / 20.02.2018
7336
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Озарбойжон тадбиркорлар миллий конфедерацияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик битими имзоланди

Бугун, 20 февраль куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Халқаро Пресс-клуб билан ҳамкорликда Озарбойжон ишбилармон доира вакиллари ҳамда маҳаллий тадбиркорлар иштирокидаги Ўзбекистон-Озарбайжон бизнес-форуми ўтказилди.

Фото: Халқаро Пресс-клуб

Қайд этиш лозимки, ушбу тадбир ишбилармонлар ўртасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш, шунингдек қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида чет эл инвестицияларини жалб қилиш учун қўшимча рағбат сифатида хизмат қилади.

Тадбирни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад икки давлат тадбиркорлари ўртасида савдо алоқалари йўлга қўйилиши ва кенгайишини қўллаб-қувватлаш, янги қўшма корхоналар сонини ҳамда икки томонлама маҳсулот айланмасини оширишдан иборат.

Фото: Халқаро Пресс-клуб

Форумда қурилиш, савдо, тиббиёт анжомлари, фармацевтика,  қадоқлаш материаллари, нашриёт, полиграфия, АКТ, каби соҳаларда фаолият юритаётган Озарбойжоннинг йирик компанияларидан келган 20 дан ортиқ вакил, шунингдек, маҳаллий  йирик корхона ва компанияларнинг 50 дан зиёд вакиллари иштирок этди.

Ишбилармонлик учрашуви чоғида икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича масалалар муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки, 2017 йил якунлари бўйича товар айланмаси – 31,2 миллион долларни ташкил этган бўлса, жумладан, экспорт – 26,2 миллион долларни, импорт эса – 4,9 миллион долларни ташкил этди.

Ўзбекистон Республикасида Озарбайжон Республикаси сармояси иштирокидаги 84 та корхона фаолият юритиб, улардан 71 таси - қўшма корхона, 11 таси эса - 100 % Озарбойжон капиталига эга. 

Озарбайжон Республикаси тадбиркорлар миллий конфедерацияси президенти Мамед Мусаев
Фото: Халқаро Пресс-клуб

Ушбу корхоналар савдо, машинасозлик ва метални қайта ишлаш, молия ва суғурта, энергетика, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, озиқ-овқат ва енгил саноати каби соҳаларда фаолият юритмоқда.

Ўз навбатида, Озарбойжон ҳудудида Ўзбекистонинг 2 та корхонаси ташкил этилган, булар «Ўзбекистон хаво йуллари» МАК ва «Ўзавтосаноат» дилерлик марказидир.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адхам Икрамов. 
Фото: Халқаро Пресс-клуб

Ўзбекистон Республикаси Ташки савдо вазирлигида 1 Озарбойжон компаниясининг ваколатхонаси аккредитациядан ўтган.

Бизнес форум доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Озарбойжон Республикаси тадбиркорлар миллий конфедерацияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик битими имзоланди.

Фото: Халқаро Пресс-клуб

Бизнес форум якунида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адхам Икрамов ва Озарбойжон Республикаси тадбиркорлар миллий конфедерацияси президенти Мамед Мусаев Қурбон ўғли иштирокида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид