Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 21 февраль куни импорт ҳажмини қисқартириш ва маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш ишларини таҳлил қилиш, бу борадаги энг муҳим вазифаларни белгилаб олишга бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берган.
Маълумки, 2017 йил 19 апрель куни шу масалада видеоселектор ўтказилган, маҳаллийлаштиришни кенгайтириш ҳисобидан импорт ҳажми ва турларини мақбуллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилган эди. Шунга мувофиқ ўтган йили муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 9,9 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. 512 миллион долларлик ёки 2016 йилга нисбатан 20 фоиз кўп маҳаллийлаштирилган маҳсулот экспорт қилинган. 100 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилгани, базавий тармоқларда импорт 353 миллион долларга қисқартирилгани ҳам бу борадаги ишларнинг натижалари бўлди.
Давлат раҳбари Маҳаллийлаштириш дастури ва импортни қисқартириш режаси ижросини чуқур таҳлил қилиб, йўл қўйилган камчиликларни танқидий баҳолади. 2017 йилда 948 та маҳаллийлаштириш лойиҳасидан 176 таси бўйича ишлаб чиқариш бошланмагани, 218 таси бўйича эса ишлаб чиқариш прогнози бажарилмагани кўрсатиб ўтилди.
Масалан, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 77 та лойиҳаси бўйича 206 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилмаган. “Ўзбекозиқовқатхолдинг”да 12 та, “Ўзавтосаноат”да 17 та, Тошкент шаҳрида 65 та, Тошкент вилоятида 65 та лойиҳа етарли даражада бажарилмаган.
Импортни қисқартириш режаси 88 фоизга бажарилгани танқидий таҳлил қилинди.
Йиғилишда бир қатор хўжалик бирлашмалари томонидан ўз фаолиятига мос бўлмаган ёки мамлакатимизда ишлаб чиқариш ўзлаштирилган товарларни импорт қилиш ҳолатлари камайиш ўрнига кўпаяётгани қайд этилди. 2017 йилда 185 миллион долларлик, жорий йил январь ойида эса 65 миллион долларлик шундай маҳсулотлар импорт қилинган.
Масалан, ўтган йили “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси томонидан 9 миллион долларлик светодиод чироқлар, прожекторлар ва бошқа товарлар, “Ўзбекнефтегаз” тизимига 2 миллион долларлик пўлат қувур, кабель, иситиш қозони, электродлар, “Ўзбекэнерго” томонидан 800 минг долларга пўлат сим ва енгил автомобиль олиб келинган.
Йиғилишда шу ва бошқа саноат тармоқларида ускуна ва бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама этилди.
Тармоқлар учун зарур ускуналар ва тез ишдан чиқувчи бутловчи қисмларни мамлакатимизда ишлаб чиқаришни ташкил қилиш тўғрисида 10-15 йилдан буён гапирамиз. Лекин, ташаббус ва амалий ҳаракат йўқ. Бир қатор соҳа раҳбарлари маҳаллийлаштиришни ўйламаяпти, зарур маҳсулотни осонгина четдан олиб келиб қўяяпти. Бунга ҳозирги рақобат шароитида машаққат билан топилаётган, иқтисодиётнинг асоси бўлган валюта маблағлари сарф бўлиб кетмоқда, деди давлатимиз раҳбари.

















