Самолёт ҳамон бутун жаҳонда энг ишончли транспорт воситасилигича қолмоқда. Албатта, ҳар бир авиаҳалокат чинакам фожиага айланади — аллақандай дақиқалар ичида юзлаб инсонларнинг бирваракайига нобуд бўлиши чиндан ҳам даҳшатли. Сўнгги вақтларда авиаҳалокатлар кўп ҳам кузатилмайдиган ҳодисаларга айланган. Масалан, 2017 йилда йўловчи самолётлар билан бутун жаҳонда айтарли ҳалокат содир бўлмади. Бироқ самолётлар тобора катталаша бораётган экан, унда ҳалок бўладиган инсонлар сони ҳам орта боради. Dnpmag.com тарихдаги энг хавфли самолётлар еттилигини тузиб чиқди — парвоз олдидан шунақасига минган-минмаганингизни бир текшириб кўрсангиз ёмон бўлмасди...
McDonnell-Douglas MD-11

Дунёдаги энг хавфли самолётлар ичида энг хавфсизи шу бўлса керак — 3.688.800 парвоз соатига атиги 1та авиаҳалокат тўғри келмоқда. MD-11 самолётларини ишлаб чиқариш 2001 йилда тўхтатилган, самолёт шунчаки самарасиз, деб топилган. Лекин жуда кўп йирик авиакомпаниялар — уларнинг орасида Finnair ва KLM кабилари ҳам бор — ундан ҳамон фойдаланишмоқда.
Boeing 727

Йирик авиакомпанияларнинг аксарият қисми аллақачон Boeing 727’дан воз кечиб бўлишган. Америкада бундай самолётни учратмайсиз, лекин ундан ташқарида 727 лар баъзан учраб туради. Бу модел сўнгги марта 2003 йилда Африканинг Бенинида ҳалокатга учраган — барча йўловчилар қурбон бўлган. Ўртача 2.306.300 парвоз соатига 1та авиаҳалокат тўғри келади.
McDonnell-Douglas DC-9

Бу самолётни негадир Американинг кўплаб майда авиакомпаниялари ёқтиришади. Delta Airlines каби йириклари ҳам бу «қария»дан фойдаланиб туришибди, ваҳоланки у 1982 йилдан буён ишлаб чиқарилмаяпти. Статистикаси ҳам у қадар ёмон эмас (рўйхатдагилар билан солиштирилганда, албатта): 1.068.700 парвоз соатига 1 авиаҳалокат.















