Бир ҳафта олдин Бутунжаҳон бокс серияси мусоабақаларида иштирок этаётган «Uzbek Tigers» жамоаси фаолиятини тугатиши ҳақида хабарлар тарқалди. Кўп ўтмай миллий олимпия қўмитаси раҳбари Умид Аҳмаджонов МОҚ расмий сайтида чиқиш қилиб, бу хабарларни инкор қилди: «Бу хабарларнинг барчаси асоссиз бўлиб, аксинча Миллий олимпия қўмитаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамкорлигида бокс бўйича Бутунжаҳон бокс серияси (WSB) мусобақасида уч йилдан буён мунтазам иштирок этиб келаётган «Uzbek Tigers» жамоасини қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизда бўлиб ўтадиган жангларни янгича форматда, мухлислар учун хақиқий бокс шоуси даражасида ташкил этиш ниятида кенг кўламда иш олиб бормоқда».

Фото: Умид Аҳмаджонов ва Шоакрам Исроилов / МОҚ

Аҳмаджоновнинг «ҳақиқий бокс шоуси»га баёнотдан кейинги абзацда тушунтириш бериб ўтилган. Унда 27 февраль ва 1 март кунлари Термизда бўлиб ўтиши керак бўлган учрашувлар манзили Тошкентга кўчирилгани маълум қилинган. Бунинг сабаби ҳам ажойиб. Расмий сайтда келтирилган изоҳда «мухлисларга хақиқий спорт байрами муҳитини яратиш мақсадида» бу ишга қўл урилгани айтилган. Стоп. Мен тушунмаган нарса, спорт байрами муҳитини яратиш учун Термиз билан Тошкентнинг қандай фарқи бор ўзи? Термизда «мухлисларга ҳақиқий спорт байрами муҳитини яратиш» учун шароит йўқми? Умуман, спорт байрамига айлантириш учун қандай шароит бўлиш керак? Термиз вариантидан воз кечилиши учун пойтахтнинг қандай устун томони бор эди? Термиз мезбонлиги нима учун бекор қилинди ўзи? Термизлик оддий мухлис билан тошкентлик мухлиснинг нима фарқи бор, жаноб масъуллар? Ёки уларни мана шу байрамни жонли томоша қилишдан маҳрум қилиш учун Тошкентда яшовчи Ўзбекистон фуқароларининг қандайдир устунлиги борми? Мамлакатнинг энг жанубий нуқтасидаги термизлик ҳам, пойтахт Тошкентдаги фуқаро ҳам шу давлат ривожи учун ишлайди, шу давлат қонунлари асосида солиқ тўлайди. Шу давлат режаси асосида пахта, ғалла планини топширади. Шу давлатда ҳар бир фуқаро учун тенг бўлган барча қонунлар асосида меҳнат қилади.

Спорт мусобақалари ўтказилиши ҳақида гап кетганда вилоятларда ўтган мусобақлар пойтахтга қараганда, доим кўпроқ томошабин йиққан. Яъни, одатда мухлислар ташрифи билан шоуга айланган ўйинлар вилоятларда кўпроқ. Оддий футболни олинг. Тошкентда деярли ҳеч ким футболга тушмай қўйган, лекин водий, Самарқанд ва Бухорода ҳалигача стадионлар тўлиб келади. Ёки «Uzbek Tigers»нинг ўтган йили Самарқандда ўтказган жангларини эслайсизми Амфитеатр томошабинларга тўлиб-тошган, кўчада қанчадан-қанча мухлис қолиб кетганди. Билмадим, мен учун ҳақиқий спорт байрами муҳити мана шу. Ҳақиқий спортча атмосфера шунақа бўлиши керак. Водий ва Бухородаги футбол, Самарқанддаги бокс — мана шу ҳақиқий спорт байрами.