Спорт | 09:30 / 25.02.2018
21201
2 дақиқада ўқилади

Месси бир ўйинда икки рекорд ўрнатди

«Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси Испания чемпионатининг 25-турида «Жирона»га қарши кечган ўйиннинг 5-дақиқасида Луис Суаресни голли пас билан таъминлади.

Бу орқали, аргентиналик футболчи Примера ўйинларидаги голли паслари сонини 148тага етказди ва турнир тарихидаги энг яхши ассистентга айланиб олди. Месси бу натижаси билан «Реал»нинг собиқ футболчиси Мичелни (147та голли пас) ортда қолдирди.

Қайд этиш керакки, Месси Примера тарихидаги энг яхши тўпурарга айланиб бўлган. Айни вақтда 30 ёшда бўлган футболчи чемпионат ўйинларида 371 гол уришга улгурган.

У «Жирона»га қарши ўйинда дубль қайд этди. Шу тариқа, аргентиналик футболчи Примеранинг янги рекордини ўрнатди, у чемпионат ўйинларида турли мавсумларда 36та жамоага гол урган футболчига айланди. 

Месси бу борада «Реал»нинг собиқ ҳужумчиси Рауль ва «Атлетик» форварди Ариц Адурисни ортда қолдирди, бу ҳужумчилар Испания чемпионати доирасидаги ўйинларда 35тадан жамоа дарвозасини ишғол этишганди.

Мавзуга оид