Жаҳон | 09:18 / 26.02.2018
3691
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Судандан БМТнинг 46 полициячиси чақиртириб олинди  

Фото: un.org

БМТнинг Жанубий Судандаги миссияси раҳбарлари жинсий эксплуатация иши бўйича дастлабки терговдан кейин Вау шаҳридан полициячилар отрядини ортга чақиртириб олди. Ҳозир улар миссиянинг Жубадаги базасида бўлиб, у ерни тарк эта олмайдилар.

“Мовий беретлар” устидан шикоятлар 8 февралда келиб тушган. Тахмин қилинишича, ганалик полициячилар БМТнинг Ваудаги базасида бошпана топган ва яшаган аёллар билан жинсий алоқаларга киришган. Мавжуд маълумотларга кўра, полициячилар жинсий хизматлар учун пул ва маҳсулотлар билан ҳақ тўлашган. 

“Бу миссия кодексининг яққол бузилишидир. Кодексга кўра ҳимояга муҳтож ва ёрдам олувчи одамлар билан жинсий алоқаларга кириш тақиқланади”, дейилган миссия баёнотида.

Миссияга қоидабузарликлар ҳақида маълумот келиб тушгандан кейин, БМТ дарҳол воқеани тергов қила бошлаган. Тергов натижалари 22 февралда миссия раҳбари Дэвид Ширер ва бошқа раҳбарларга маълум қилинган. Улар 46 полициячидан иборат бўлинмани тергов олиб борилаётган вақтга Ваудан чақиртириб олишга қарор қилишган.

“Жинсий эксплуатация ёки зўравонликнинг исталган акти миссия бажараётган муҳим ишга путур етказади ва уни Жанубий Судан аҳолиси олдида ёмонотлиқ қилади”, дейилган баёнотда. Миссияда таъкидланишича,. тинчликпарвар кучлар томондан бундай қоидабузарликларга йўл қўйиб бўлмайди.

Мавзуга оид