Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 февралдаги ПҚ-3571-сонли «Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди. Ҳужжат матни президент матбуот хизмати томонидан келтирилган.
Ушбу қарор узлуксиз таълим ягона тизимининг муҳим бўғини сифатида мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантиришнинг муносиб шарт-шароитларини яратиш, юқори малакали кадрларни, шу жумладан, ёш битирувчиларни жалб этиш, жамиятда давлат мактабгача таълим муассасалари педагогларининг нуфузини ошириш мақсадида қабул қилинган.
Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг давлат мактабгача таълим муассасалари ходимлари айрим тоифаларининг 2018 йил 1 мартдан бошлаб – мудирлар, тарбиячилар, методистлар, ўқитувчилар, дефектологлар, психологлар, мусиқа раҳбарлари ва тарбиячининг ёрдамчилари меҳнатида ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкалари – 30 фоизга, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб тайёргарлик (5 ёшдан 6-7 ёшгача) гуруҳи тарбиячилари, олий маълумотли ўқитувчилар, дефектологлар, психологлар меҳнатида ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкалари, уларнинг базавий тариф ставкалари миқдорларини умумтаълим мактаблари бошланғич синфлари ўқитувчиларининг базавий тариф ставкалари миқдорларига тенглаштирган ҳолда – 30 фоизга, олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар педагогик маълумотли тарбиячининг ўринбосарлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкалари – 20 фоизга, мактабгача таълим муассасалари мудирлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкалари – 10 фоизга табақалаштириб оширилади.
Бунинг натижасида давлат мактабгача таълим муассасаларида меҳнат қилаётган жами 93555 нафар ходим, шундан 4908 нафар мудир, 3924 нафар олий маълумотли тарбиячи, 39523 нафар ўрта махсус маълумотли тарбиячи, 673 нафар методист, 3765 нафар дефектолог, 1450 нафар психолог, 33259 нафар тарбиячи ёрдамчиси ва 7503 нафар мусиқа раҳбарининг иш ҳақлари сезиларли даражада оширилади.
Ушбу қарорда 2018 йил сентябрь ойидан бошлаб олий маълумотга эга бўлган тайёрлов гуруҳи (5 ёшдан 6-7 ёшгача) тарбиячиси меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкалари миқдори умумтаълим мактаблари бошланғич синфлари ўқитувчиларининг базавий тариф ставкалари миқдорига тенглаштирилиши белгилаб қўйилган.

















