Бугундан жуда катта ўзгаришлар киритилган янги футбол мавсуми бошланади. Мухлислар - Олий ва Биринчи лига дея аталувчи иккита нуфузли мусобақалар тизимини Суперлига ва Про-лига дея аталишига йил давомида кўникиб олишса керак.

Ишқибозлар мусобақаларнинг номи ўзгарганидан таажжубга тушгани йўқ. Асосийси, натижа ўзгарсин.

Маълумки, мазкур мусобақалар Профессионал футбол Лигаси (ПФЛ) ташкилоти бошқарувида ўтказилади.

Футболнинг бошқа спорт турларидан энг катта фарқи унинг катта маблағ талаб қилишида бўлса керак. Ўша Суперлигада иштирок этувчи битта клуб учун кетадиган маблағ билан бошқа спорт туридаги бутун бошли федерацияни таъминлаш мумкин. Нима ҳам дердик, бутун дунёда шундай.

Фақат ўзбек футбол ривожи учун қанча катта маблағ сарфланмасин, халқаро майдонлардаги натижалар борган сари майдалишиб кетмоқда (сўнги 15 йил ичидаги якка-ягонаси U-23 ютуғи бундан мустасно).          

Энди ПФЛ билан боғлиқ рақамларга тўҳталсак. 2018 йилги мавсум регламентида Суперлига ва Про-лига клубларидан олинадиган маблағлар аниқ кўрсатиб ўтилган.

Жумладан, 2018 йилнинг 1 февралига қадар Суперлига клублари ПФЛга 500 миллион сўмдан, Про-лига жамоалари эса 40 миллион сўмдан бадал пули тўлашлари керак. Маълумотларга кўра мазкур бадал пуллари асосий жамоа билан биргаликда клуб қошида ташкил этиладиган аёллар ва болалар лигасида иштирок этувчи жамоалар учун тўланар экан.

Энди тасввур қилинг, фақатгина Про ва Супер лига жамоаларидан ПФЛга келиб тушадиган умумий сумма тахминан 6 миллиард 720 миллион сўмни ташкил этади.

Ушбу маблағлар биринчи навбатда мусобақаларни ўтказиш, спорт инвентарлари ва зарурий техник воситаларни харид қилиш, клубларнинг турли ёшдаги жамоалари ўртасида Республика биринчиликларини ўтказиш, илмий-методик қўлланмалар нашр этиш, чемпионат учрашувларида ишлайдиган ҳакамлар, назоратчилар, комиссарлар маошларини тўлашга сарфланади.

Бадал пуллари миқдорини белгилашда янги мавсумда жамоалар сони қисқаргани, учрашувлар сони эса кўпайгани ҳам инобатга олинган.

Футболимиз кўп харажатли ривожланиш йўлини танлади. ПФЛнинг 15 саҳифадан иборат талабларини бажариш учун қурби етадиган клублар сони қанча бўлишини эса мавсум бошланганида биламиз. Ҳар бир клуб қошида ўзининг футбол академияси ва тўртта ёш тоифасидаги ҳамда олий табақадаги чемпионатида аёллар жамоалари бўлиши каби талабларнинг ўзи ҳам клублар харажатларининг қай даражада кўпайишини кўрсатиб турибди. ПФЛ томонидан қўйилган талаб ва бадал пулларини вақтида бажара олмаган жамоалар четга чиқиб қоладими йўқми буни вақт кўрсатади.