Ҳайдовчисиз ҳаракатланувчи машиналарни ювиш осонми? Оддий машинани ювгандек гап-да, дейишингиз мумкин. Бироқ янада самарали ечим устида ишлаётган автоном автомобиллар ишлаб чиқарувчилари бундай фикрда эмас. CNN Tech уларнинг баъзилари билан суҳбатлашиб, автоном машиналарни ювишда қандай қийинчиликларга дуч келиш мумкинлиги ҳақида маълумот берди.

Автоматлаштирилган машина ювиш қурилмалари ўнлаб йиллар давомида такомиллаштирилган, бироқ ҳайдовчисиз автомобилларни ишлаб чиқарувчи компаниялар фаол ҳолатдаги машина ҳақида гап кетганда, ҳануз қўл меҳнатига умид қилишмоқда. Экспертларнинг сўзларига кўра, ҳали анъанавий автоматик ювиш қурилмалари уддалай олмайдиган қатор вазифалар бор.
Масалан, ювиш воситаси қолдиқлари ёки кучли сув оқимлари автоном транспорт воситасини "кўр" қилиб қўйиши мумкин. Қаттиқ чўткалар эса сенсорлар калибрини ўчириши ва уларнинг аниқлигига салбий таъсир кўрсатиши ёки умумун 100 минг доллар ва ундан қиммат турувчи қурилмага зиён етказиши мумкин.

Ҳайдовчисиз машиналар оддий автомобилларга қараганда кўпроқ эътиборталаб бўлади. Кирлар, ҳашаротлар, қушлар ва сув доғлари автомобилнинг объектларни аниқлаш хусусиятини ёмонлаштириши, бу эса унинг хавфсизлик тизимига таъсир кўрсатиши мумкин.
Ижара автомобилларининг катта тураргоҳларини бошқариш борасида кўп йиллик тажрибага эга Avis компанияси ҳайдовчисиз Waymo минивэнларига хизмат кўрсатади. Фирмада машиналарни ювиш ва қувватлантириш учун Феникседаги уч сервис станциясини қайта қуришга тўғри келган.
"Баъзи жиҳатлар, шубҳасиз, янада катта эътибор талаб қилади, машиналарни тез-тез ювишга тўғри келади, - дейди Avis'нинг инновациялар бўйича директори Артур Ордунья. - Биз дунёдаги ҳеч бир автомобилга нисбатан қўлланмаган сервисни тақдим этамиз".

Ордунья автоном бошқарувли машиналарни ювиш жараёни айнан қандай кечишига оид сирларни очмади. Toyota, Aptiv, Drive.AI ва Uber каби компаниялар эса CNN'га бунинг учун микрофибрали салфеткалар, спирт, сув ва шиша ювиш учун махсус суюқликдан фойдаланишларини айтишган. Қишда Uber'нинг махсус ходимлари камераларни шиша ювувчи восита билан пуркашади ва унга ҳаво йўллашади.

















