17:10 / 04.03.2018
36106

«Uzbek Tigers»нинг навбатдаги жанглари муддати ва манзили аниқ

Фото: KUN.UZ

Бутунжаҳон бокс сериялари (WSB) VIII мавсум гуруҳ босқичида Америка минтақаси жамоалари «Cuba Domadores», «Colombia Heroicos» ва «Caciques de Venezuela» жамоалари билан куч синашаётган «Uzbek Tigers» жамоасининг навбатдаги жанглари муддати ва манзил аниқ бўлди.

Энди жамоа гуруҳдаги 4-тур учрашувини сафарда Колумбия жамоасига қарши ўтказади. Жанглар 28 март куни Соледад шаҳридаги ареналардан бирида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Мазкур жангларда жамоаларнинг C1 гуруҳи боксчилари ўзаро куч синашади.

Бундан ташқари, «Uzbek Tigers» гуруҳнинг 5 ва 6-турларини Венесуэланинг «Caciques de Venezuela» жамоасига қарши ўтказади. Венесуэладаги вазият туфайли ушбу жамоаларнинг ҳар икки тўқнашуви ҳам Ўзбекистонда бўлиб ўтади. Унда 10 вазн тоифасида C1 ҳамда C2 гуруҳи боксчилари рингга чиқади. Мазкур жанглар икки кун давомида 6-7 апрель кунлари Термиз шаҳрида ўтказилиши белгиланган.

Маълумот учун, C1 гуруҳига 49, 56, 64, 75 ва -91кг вазн тоифалари кирса, С2 гуруҳи 52, 60, 69, 81 ва +91кг вазн тоифаларидан иборат бўлади.

Эслатиб ўтамиз, ҳозиргача «Uzbek Tigers» гуруҳ босқичида 3та жанг ўтказиб, сафарда «Cuba Domadores»га имкониятни бой берган (5:0) бўлса, ўз майдонида кубаликлардан реванш олганди (4:1). Шунингдек, «Colombia Heroicos» жамоасига қарши жангларда ҳам жамоа 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Top