Жорий йилнинг 26-27 март кунлари Тошкент шаҳрида «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасидаги ва минтақавий ҳамкорлик» мавзуида Афғонистон бўйича олий даражадаги Тошкент халқаро конференцияси бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг илк кунларидан Марказий Осиё давлатлари билан амалий, ўзаро манфаатли ва яхши қўшнилик муносабатларини шакллантириш, минтақада хавфсизликни таъминлашни ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши сифатида белгилади.

Ўзбекистон раҳбари минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга доир стратегик қарашларини 2017 йилнинг сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида батафсил баён қилди. Сўнг ўтган йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган "Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик" мавзусидаги конференцияда давлат раҳбари Марказий Осиё, жумладан, Афғонистонда мустаҳкам тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро миқёсдаги қўшма саъй-ҳаракатларнинг кенг қамровли дастурини таклиф этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг нутқи, унинг Марказий Осиё ва Афғонистондаги жорий вазият, уни ривожлантириш истиқболларига берган баҳоси халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотди.

Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Евроосиёнинг “юраги”да жойлашган минтақамиз Европа ва Яқин Шарқ, Жанубий ва Шарқий Осиёни боғловчи кўприкдир». Минтақамиз табиий ресурсларга бой, бу ерда кўплаб мамлакатлар ва бутун минтақалар ривожига сезиларли даражада таъсир кўрсатган ноёб маданият ва тараққиёт салоҳияти мавжуд.

Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёевнинг фикрича, Марказий Осиёда қудратли давлатларнинг манфаатлари кесишмоқда, беқарорлик ва қарама-қаршилик ўчоқларига туташ бўлган ушбу минтақа яқин ва узоқ хорижда рўй бераётган барча салбий жараёнлар таъсирини ҳис этмоқда.

Шу муносабат Ўзбекистон Президенти адолатли саволларни ўртага ташлади: минтақада вазият қандай ривожланади? Бу ерда қандай куч устун келади – низо ва қарама-қаршиликларми ёки ҳамкорлик ва тараққиётми?

Бу саволга жавоб равшан – энг аввало, барчаси Марказий Осиё давлатлари минтақанинг умумий келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга нечоғли тайёрлигига боғлиқ.

Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари билан чегарадош бўлган Ўзбекистон минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшнилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдор.