Ўзбекистон Республикаси Президенти «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, спорт федерациялари (ассоциациялари)нинг:

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигини (кейинги ўринларда Вазирлик деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинди.

Қўйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида аҳолининг кенг қатламларини спорт билан шуғулланишга ва соғлом турмуш тарзини юритишга жалб этиш, жисмонан соғлом ўсиб келаётган авлодни тарбиялаш, спорт индустрияси ва инфратузилмасини ривожлантириш, олий спорт маҳорати соҳасида мамлакатимизнинг халқаро спорт майдонида муносиб иштирокини таъминлашга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

вазирликлар ва идоралар жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари ҳамда клубларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, республика мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасалари жисмоний тарбия ўқитувчилари ва инструкторлари фаолиятига ташкилий-услубий раҳбарликни амалга ошириш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари, таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари билан биргаликда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишни оммалаштириш борасида кенг кўламли ишларни ташкиллаштириш;

болаларни спорт билан мунтазам равишда шуғулланишга жалб этиш, болалар спорт таълими сифатини ошириш, барча ҳудудларда, айниқса, қишлоқ ва чекка ҳудудларда болалар спорти объектлари тармоғини янада кенгайтириш орқали болалар спортини янада ривожлантириш;

Олимпия, Паралимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон, Осиё чемпионатлари ва бошқа халқаро мусобақа ва турнирларда муваффақиятли иштирокни таъминлаш учун истиқболли спортчиларни танлаш, тайёрлаш ва маҳоратини оширишнинг, улар орасидан мамлакат терма жамоалари сифатли спорт захираси ва таркибини шакллантиришнинг самарали тизимини яратишда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, спорт федерациялари (ассоциациялари) билан ҳамкорлик қилиш;