Жанубий Корея ҳам Ёзги, ҳам Қишки Олимпиадани қабул қилган саноқли мамлакатлардан бири бўлди. 2018 йилги Қишки ўйинлар 1,5 миллион аҳолига эга Канвондо провинциясида бўлиб ўтди, бироқ Олимпияда пойтахти бўлган Пхёнчханда 40 мингдан зиёд киши истиқомат қилади. Бу 1994 йилги Ўйинлар ўтган Лиллехаммер (Норвегия)дан кейинги Олимпиадани қабул қилган энг кичик шаҳар. Шундай бўлишига қарамай, катта молиявий ресурсларни ва сифатли моддий базани талаб қилувчи спорт тадбирини шу ерда ўтказишга қарор қилинди.

Фото: Сергея Бобылева / ТАСС

Бу қарор қабул қилинганига анча бўлди — Пхёнчхан учинчи уринишдагина Олимпиада ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди. Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) 2010 йилги Ўйинларни Ванкуверга, 2014 йилгисини эса Сочига йўллаган. Forbes нима учун Корея Олимпиада ўтказишда қатъий туриб олгани, унга қандай тайёргарлик кўргани ва Ўйинлардан кейин аренани нима қилишига доир изоҳлар билан бўлишди.

Тинчлик ташаббуси

Йирик халқаро спорт форумларини ўтказиш нафақат қабул қилувчи томоннинг иқтисодий ривожланишига, балки унинг миллий имиджи ошишига ҳам хизмат қилади. Жанубий Корея бунга ишонч ҳосил қилишга улгурган: 1998 йилги Ёзги Олимпиада ва 2002 йилги Футбол бўйича жаҳон чемпионати давлатнинг иқтисодий ўсишига улкан ҳисса қўшган ва унинг халқаро мавқеини кўтарган. Шу боис ўтказилган сўровномалар аҳоли орасида Ўйинларга нисбатан юқори мойиллик даражасини кўрсатган.

2010 йилда Жанубий Корея фуқароларининг 52,2 фоизи Қишки Олимпиада ўтказиш ғоясини маъқуллаган. Канвондо провинцияси аҳолисининг 55,6 фоизи Ўйинлар минтақага сезиларли таъсир кўрсатишини тасдиқлаган, лекин 63,8 фоизи 2018 йилги Ўйинлардан кейин объектлардан фойдаланиш муаммосидан хавотирга тушган. Шундай бўлса-да, 2011 йилда Пхёнчханда Олимпиада ўтказишга доир қарор қабул қилинганида деярли барча кореяликлар, яъни аҳолининг 92,4 фоизи уни қўллаб-қувватлаган. Бу жуда муҳим, чунки бундай мегаҳодисага тайёргарлик энг аввало маҳаллий аҳоли муносабатига боғлиқ.

Фото: Reuters

Жанубий Корея аҳолисининг Олимпиадага ижобий муносабати асосан минтақадаги мураккаб сиёсий вазият билан ҳам изоҳланади. Ўйинлар аввал бошданоқ Жанубий ва Шимолий Корея ўртасидаги тинчлик мулоқотини қайта тиклаш учун янги имкон сифатида қабул қилинганди. ХОҚ Олимпиадада шимолий кореяликлар иштирок этишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлади - рўйхатдан ўтиш муддатини узайтирди ва атлетларга қўшимча квоталар ажратди. Охир-оқибат ҳатто икки Корея аёллар хоккей турнирининг очилиш ва ёпилиш маросимларида бирлашган жамоа сифатида қатнашди.