Бугун, 7 март оқшомида Европа Чемпионлар лигаси нимчорак финали жавоб учрашувлари доирасида яна икки учрашув ўтказилади. Лондонда «Тоттенҳэм» «Ювентус»ни, Манчестерда «Манчестер Сити» «Базель»ни қабул қилади. Мухлисларнинг асосий эътибори Лондондаги қарама-қаршиликка қаратилади.
«Тоттенҳэм» – «Ювентус»: чарчоқсиз ва таътилсиз

ТОТТЕНҲЭМ – ЮВЕНТУС
7 март. Лондон. «Уэмбли» стадиони. 00.45 (Матч ТВ – 00.35).
Йўқотишлар: Алдервейрелд (жароҳат), Бернардески, Де Шильо, Орье (дисквалификация.) – Манджукич, Куадрадо (жароҳат), Игуаин (сўроқ остида)
Ҳакам: Марчиняк (Польша).
Биринчи ўйин – 2:2.
Бу жуфтликда фаворитни аниқ айтиш қийин, 2015 ва 2017 йилда финалгача борган туринликлар устунроқдек кўринсада, биринчи учрашув фикрларни ўзгартириб юборганди.
Туриндаги биринчи учрашувдан кейин «Ювентус» мутахассислар томонидан ҳам, мухлислар томонидан ҳам танқидга учради. Бу танқидлар адолатли эди, жамоа футболчиларини агрессивликни йўқотгани учун танқид қилишди, Буффонни жарима зарбасидан ўтказилган гол учун, Игуаинни икки гол урсада, пенальтини исроф қилгани учун сўкишди. Жамоа ўйин стартидаёқ 2та гол урган, ундан кейин ҳам ҳужум уюштиришда давом эттирганди, аммо танаффусдан сўнг бирдан ҳаммаси ўзгариб кетди, туринликлар рақиб жарима майдончаси томон яқинлашмай қўйишди ва ғалабани бой беришди.
Энди барча ўтган мавсум финалчиси қаршисида қийин вазифа турганини тўғри тушуниб турибди. Жамоа гол уриши зарур, гол ўтказмаслик унданда зарур. Лекин Кейн бошчилигидаги ҳужум чизиғига қарши ўйнаб, дарвозани дахлсиз сақлаб бўладими? «Тоттенҳэм»ни 0:0 ёки 1:1 ҳисоби ҳам қониқтиради, аммо «шпорлар» ўйинда ташаббусни рақибга топшириб, ҳимояда ўтирадиган жамоа эмас.
Икки клубнинг ҳам ички чемпионатдаги ишлари бир текисда кечмоқда. Туринликлар скудетто учун «Наполи» билан тенгма-тенг курашмоқда, охирги турда «Лацио»ни сафарда мағлуб этиб, жамоа чемпионлик сари муҳим қадамни ташлади.
Маурисио Почеттино шогирдлари охирги турда «Ҳаддерсфилд»ни осонлик билан енгиб (Сон Хин Миннинг икки голи эвазига, унга Деле Алли ва Ҳарри Кейн ассистентлик қилишди) кучли тўртликдаги ўринни мустаҳкамлади. Тўпни назорат қилишда лондонликлар 73 фоизлик устунликка эга бўлишди.
«Тоттенҳэм» меҳмондўст жамоа эмас, статистикага кўра, жамоа жорий мавсумда ўз майдонида ўтказилган 15 учрашувда фақат бир марта мағлуб бўлган (яна 4 ўйинда дуранг). Қолаверса, «шпорлар» 7 учрашувдан буён итальянларга қарши ўйинларда мағлуб бўлмаган (4 ғалаба ва 3 дуранг). Қуръа бу клубни 5 марта А Серия жамоаларига рўбару қилган, фақат бир марта, 2014-2015 йилги мавсумда «Фиорентина» «Тоттенҳэм» тўсиғидан ўтган (1:1, 2:0).









