Пхеньян АҚШ билан музокаралар вақтида ракета-ядровий дастурларини музлатиб туришга тайёрлигини айтди. Бу ҳақда Сеулдаги брифингда Шимолий Кореяга 5-6 март куни Жанубий Корея делегациясига бошчилик қилган, Жанубий Корея президенти ҳузуридаги миллий хавфсизлик бошқармаси бошлиғи Чон Ий Ён маълум қилди.
Унинг айтишича, Шимол АҚШ билан Корея яриморолини ядровий қуролсизлантириш муаммоси ва икки томонлама муносабатларни нормаллаштириш бўйича самимий мулоқот қилишга тайёрлигини билдирган. Пхеньян, шунингдек, АҚШ билан музокаралар вақтида ракета пусклари ва ядровий синовлар ўтказмасликка ваъда берган.
Чон Ий Ённинг таъкидлашича, Шимолий Корея Жанубий Кореяга нисбатан нафақат ядровий, балки оддий қурол ҳам қўлламайди. “Шимол Корея яриморолини ядровий қуролсизлантиришга содиқлигини равшан ифодалади ва тузумнинг хавфсизлиги кафолатланса ва Шимолий Кореяга нисбатан ҳарбий таҳдидлар бартараф этилса, унда ядровий қуролга эгалик қилишга асослар қолмаслигини айтди”, деб айтди Чон Ий Ён.
Унинг таъкиддлашича, Шимол ва Жануб етакчилари жорий апрель охирида учрашув ўтказишади.
Чон Ий Ённинг маълум қилишича, икки Корея ўртасида 3-рақамли саммит умумий хавфсизлик ҳудуди Пханмунджомда бўлиб ўтади. “Томонлар саммит олдидан илк бор телефон мулоқоти ўтказишга келишиб олдилар”, деб таъкидлаб ўтган Чон Ий Ён.
Корея яриморолидаги вазият жуда кескин бўлиб қолмоқда. 2017 йилда Шимолий Корея 20 та баллистик ракета пускини амалга оширган. Ўз навбатида АҚШ иттифоқдошлари билан минтақада катта кўламли денгиз машғулотлари ўтказиб келади.

















