Россия Федерацияси молия вазири Антон Силуанов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Силуанов учрашув якунлари бўйича хулосаларини Президентнинг Facebook саҳифасида тақдим этилган   интервьюда баён қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

- Ўзбекистон Президенти билан учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик бўйича асосий эътибор нималарга қаратилди?

- Шавкат Миромонович билан қатор молиявий масалаларни муҳокама қилдик, чунки молия ва бюджет масаласи шубҳасиз фуқароларимиз ҳаётига катта таъсир кўрсатади. Ўтган йили биз Ўзбекистон молия вазирлигидаги ҳамкасбларимиз билан Ҳамкорлик меморандуми имзоланиши ва молия вазирлиги фаолиятидаги долзарб масалаларни муҳокама қилинишига келишиб олгандик. Зеро ҳозир Россия молия вазирлиги олдида ҳам қатор  вазифалар турибди - янги солиқ тизимини шакллантириш, қашшоқлар сонини камайтириш учун янгича бюджет сиёсатини йўлга қўйиш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш сифатини ошириш ва иқтисодиётнинг ўсишига туртки берувчи бошқа қатор ислоҳотларни амалга ошириш. Мамлакатларимиз олдида турган асосий вазифалар - қўшимча бандлик, қўшимча иш ҳақига асосланган иқтисодий ўсишни таъминлаш, фуқаролар турмуш тарзини яхшилаш.

Ўзбекистон Президенти билан учрашувимиз вақтида айнан шу масалалар кўтарилди. Биз асосий иқтисодий тизим  фаолияти ҳақида суҳбатлашдик, бу нафақат молия вазирлиги, балки солиқ ва божхона хизматлари ҳамдир.  Биз асосий параметрлар - солиқ, божхона ва қонунчилик органлари бўйича координация ва тажриба алмашиш зарурати ҳақида гаплашдик.

Шунингдек биз бюджет тизими фаолиятига ҳам кўп вақт ажратдик. Зеро ҳозир Ўзбекистонда қатор ислоҳотлар ўтказилмоқда. Шу боис Россиянинг бу борадаги мавжуд тажрибаси ҳамкасбларимиз учун фойдали бўлади, деб ўйлайман. Биз эришган муваффақиятларимиз билан ҳам, йўл қўйган хатоларимиз билан ҳам бўлишишга тайёрмиз. Бундай ўзаро ҳамкорлик мамлакатларимиз учун фойдали бўлади, деб ҳисоблайман.

- Сиз катта тажрибага эга профессионал молиячисиз. Ўзбекистоннинг айни дамдаги босқичда, янги имкониятлар даврида қандай ривожланаётгани борасида нима дея оласиз?

- Энг аввало айтишим керакки, мен Ўзбекистонга биринчи марта келишим, лекин охирги йилларда кўп ўзгаришлар кузатилаётгани ҳақида эшитганман. Шундай экан, лойиҳалар ривожи иқтисодий прогнозлар, ўсиш кўрсатикичлари, иқтисодиёт ривожининг асосий кўрсаткичларига боғлиқ. Бу эса бизнинг халқларимиз янада яхши яшаши учун замин бўлиб хизмат қилади. Шу боис мавжуд мутахассисларнинг маълумотларидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, сўнгги йилларда молиявий соҳада вазият яхшиланган.