Россия иқтисодиёти Хитойда тарқалаётган коронавирус сабаб кунига 1 миллиард рубль маблағ йўқотмоқда. Бу ҳақда Россия молия вазири Антон Силуанов Россиянинг РБК телеканалига берган интервьюсида айтган.

«Яқинда федерал божхона хизмати билан гаплашдик. Уларнинг маълумот беришича, Хитой билан ўзаро товар айирбошлаш кўрсаткичлари пасайган ва бунинг натижасида Россия иқтисодиёти ҳар куни 1 миллиард рубль зарар кўряпти. Бу коронавирус туфайли рўй бермоқда», деган Силуанов.
Россия молия вазирининг сўзларига кўра, ҳукуматдаги иқтисодий соҳа масъуллари коронавируснинг жаҳон иқтисодиётига салбий таъсиридан хавотирда эканини ҳам таъкидлаган.
Хитойда тарқалаётган хавфли эпидемиянинг салбий оқибатлари ҳақида гапирар экан Силуанов Россия аллақачон коронавирус оқибатларини ҳис қилаётганини айтиб ўтди. Хусусан, Хитойдан Россияга сайёҳлик оқими камайган. Бунинг оқибатида сайёҳлик соҳасидаги кўрсаткичлар тушиб кетган: «Коронавирус туфайли сайёҳлик кўрсаткичлари пасайди, бу эса катта иқтисодий йўқотишларга олиб келди. Жумладан, меҳмонхоналарнинг банд қилиниши, транспорт хизматларини кўрсатиш, чакана савдода қўшимча даромад, ҳаммаси пастлади. Авиаташувчилар зарар кўраётганини айтиб бонг урмоқда, хуллас вирус деярли ҳаммага зарар келтирди»,— дейди молия вазири.
Силуановнинг фикрига кўра, коронавирус эпидемияси Россия иқтисодиётига янада салбий таъсир кўрсатиши мумкин, аммо унинг кўлами Россия иқтисодига таъсир кўрсатадиган даражада бўлмайди: «Вазият кейинчалик қандай тус олиши карантин ва Хитойда хавфли касаллик билан боғлиқ вазият қанча давом этишига боғлиқ. Ишончим комилки, ҳозирги ҳолат Россия ҳукумати ишлаётган вазифаларнинг бажарилишига жиддий таъсир қилмайди».
Аввалроқ «Citi» таҳлилий иқтисодчилар гуруҳи мутахассислари коронавирус сабаб Хитойга нефть экспорти камайиши жаҳон бозорида нефть нархи пастлаши ва бу ҳолат Хитойга нефть сотадиган асосий давлат бўлган Россиянинг иқтисодий ўсишини ҳам секинлатиши ҳақида ҳисоботларни эълон қилган эди. Россия ҳукумати эса жорий йил 13 февралда 2020 йил учун иқтисодий ўсиш суратини 1,7-1,9 фоиз ўртасида бўлади деб ҳисобот берди.
Бугун нафақат Россия иқтисодиёти, балки бутун дунё иқтисодиётига хавф солаётган коронавирус яқин орада бартараф бўлмаса, Россия иқтисодиёти ўсиш кўрсаткичи ҳукумат берган ҳисоботдагидан пастроқ бўлиши мумкин.









