Ўзбекистон | 18:50 / 09.03.2018
17481
3 дақиқада ўқилади

Тожикистон билан яна бир станция орқали боғланиш имконияти яратилди

Ўзбекистон ва Тожикистон темир йўл тармоқлари ўртасида транзит юклар ташиш, йўловчи ташиш, вагонларга техник хизмат кўрсатиш, уни таъмирлаш борасида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда, деб хабар беради “Ўзбекистон темир йўллари” ахборот хизмати.

Фото:  “Ўзбекистон темир йўллари” ахборот хизмати

Ҳозиргача Тожикистон ва Ўзбекистон темир йўл тизимини боғловчи йўл фақат Бекобод ва Қудуқли станциялари бўйлаб амалга оширилаётган эди. Эндиликда қўшни давлат билан Амузанг станцияси орқали ҳам боғланиш имконияти яратилди.

Жорий йилнинг 9 март куни Амузанг ва Хошади станцияларидан дастлабки поездлар ҳаракати Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Тожикистон Республикаси президенти Имомали Раҳмон томонидан рамзий тугманинг босилиши билан йўлга қўйилди. Икки мамлакат равнақи учун хизмат қилувчи тарихий жараён махсус ташкил этилган телекўприк орқали тўғридан-тўғри намойиш этилди.

Фото:  “Ўзбекистон темир йўллари” ахборот хизмати
Фото:  “Ўзбекистон темир йўллари” ахборот хизмати

Амузанг станциясида ҳозирда нафақат темирйўлчилар учун балки чегарачилар, божхоначилар учун ҳам қулайликлар яратилган. Бир сўз билан айтганда, ушбу станция Ўзбекистонни қўшни давлат билан боғловчи янги дарвоза сифатида фаолият кўрсатади ҳамда Тожикистон Республикасининг жанубий ва шарқий ҳудудларини боғлайди.

Фото:  “Ўзбекистон темир йўллари” ахборот хизмати

Ушбу йўл икки давлат манфаати учун хизмат қилади. Хусусан, Тожикистон Республикаси транзит юкларини ўтказишда энг муҳим йўлак ҳисобланади. Боиси, бу ердан Туркманистон ва Афғонистон давлатларига чиқиш имконияти янада кенгаяди. Шунингдек, йўловчи ташиш борасида ҳам янги йўналишларни жорий этишда бир қатор қулайликлар яратади.

Мазкур фойдаланишга топширилаётган линия икки давлат ўртасидаги товар айрибошлаш, экспорт - импорт хизматларини кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга кичик бизнес, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, энг муҳими халқлар ўртасидаги ўзаро қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлайди.

Мавзуга оид