Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 9-10 март кунлари давлат ташрифи билан Тожикистон Республикасида бўлди.

Очиқ, дўстона ва конструктив муҳитда ўтган самарали музокаралар давомида давлат раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолатидаги муҳим масалаларни, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда икки томонлама кенг қамровли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш истиқболларини, шунингдек, ўзаро қизиқиш уйғотадиган долзарб минтақавий ва халқаро муаммоларни батафсил муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон ТИВ ахборот хизмати томонидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг дўстлик ва аҳил қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги қўшма баёноти матни эълон қилинди.

Давлат раҳбарлари сўнгги йилларда эришилган давлатлараро мулоқотнинг юқори даражасини, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда кузатилаётган ижобий ўсиш суръатини мамнуният билан қайд этган ҳолда,

икки мамлакат халқлари ўртасида дўстлик, аҳил қўшнилик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига қатъий асосланган кўп асрлик тарихий ва маданий умумийликдан келиб чиқиб,

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик икки мамлакат халқларининг узоқ муддатли манфаатларига жавоб беришига, шунингдек, бутун Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва изчил ривожланишни таъминлашда асосий омил бўлишига ишонч билдирган ҳолда,

халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига, шунингдек, БМТ Низоми мақсад ва принципларига, шу жумладан, мустақилликни ўзаро ҳурмат қилиш, суверенитет, ҳудудий яхлитлик, чегараларнинг дахлсизлиги, бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик принципларига содиқликларини яна бир бор тасдиқлаб,

Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларини янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришга, эришилган келишувларни ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини таъминлашга интилган ҳолда, қуйидагилар тўғрисида баёнот берадилар:

1. Давлат раҳбарлари тинчлик ва барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлаш, бутун минтақа тараққиёти ва равнақини таъминлашда юксак масъулиятларини чуқур англаб, 2000 йил 15 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида абадий дўстлик тўғрисида Шартнома қоидаларига таянган ҳолда, анъанавий дўстлик, аҳил қўшнилик ва ҳамкорлик муносабатларини имкон қадар янада ривожлантириш ва чуқурлаштиришга қатъий тайёр эканликларини тасдиқлайдилар.