Ўтган ҳафта мобайнида жойлардан Kun.uz сайтимизга келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти бозор муаммоси ҳақида бўлди. Мазкур мурожаатларда бу ишлар бажарилиши учун қонуний асос мавжудми деб сўралган. Lex.uz манбасидан ўрганилган маълумотга кўра, 2017 йил 27 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-2853 сонли қарори чиқарилган.
Ўтган йиллар мобайнида олиб борилган ислоҳотларга қарамасдан, дейилади қарорда, аксарият деҳқон бозорларида хавфсизлик чоралари, хусусан бино ва иншоотларда ёнғин хавфсизлиги талаблари, санитария қоидалари ва нормалари, гигиена нормативлари тўлиқ инобатга олинмаганини, шунингдек бозор ҳудудларига яқин масофаларда жойлашган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари етишмаслиги каби ҳолатлар сотувчи ва харидорлар учун муайян ноқулайликлар туғдираётганини кўрсатди.
Қарор асосида деҳқон бозорларининг мамлакат иқтисодиётидаги, аҳолининг кундалик ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини инобатга олиб ҳамда харидорлар учун қулай шароитлар яратиш, савдони ташкил этиш соҳасида замонавий талабларга мувофиқ савдо хизмати кўрсатишнинг илғор тажрибаси ва юксак маданиятини кенг тарғиб қилиш ва изчил жорий этиш, мавжуд деҳқон бозорларини шарқона ва миллий меъморчилик анъаналарини ҳисобга олган ҳолда замонавий савдо мажмуалари тарзида мукаммал реконструкция қилиш мақсад қилинган.
Айни шу ўринда бир неча саволлар пайдо бўлади кишида:
1. Миллионлаб маблағ сарфланиб таъмирланган, қайта қурилган бозорлар яна бузиладими?
2. Шу вақтгача ўйланмасдан сарфланган маблағларга ким жавоб беради ва мансабига совуққонлик билан қараётган мансабдор шахслар тақдири нима бўлади?
3. Бино ва иншоотлар бузилиши туфайли юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарлар қопланиши қандай амалга оширилади? Ёки тадбиркорлар икки қўлини оғзига солиб қолаверадими?
Биринчи саволга жавоб «ҳа» бўлади. Ҳаракатлар стратегияси бўйича барчаси режага киритилган. Қисқа ва лўнда қилиб айтамиз, барчаси сўзсиз амалга оширилади. Лекин шошманг, мақолани сўнгги қисмига қадар ёзганларимизни таҳлил қилинг.
Иккинчи савол. Ҳа, бу саволга жавоб бера олмаган мансабдор шахслар жазосини олиши керак. Қонунлар барчага тенг бўлсин. Жиноят қилдингизми, албатта жавоб беришингиз керак, ҳурматли мансабдор шахс. Жиноят кодексининг 207- моддаси айнан мансаб вазифангизга совуққонлик билан қараганингиз учун.
















