Президентнинг 28.12.2017 йилдаги ПФ–5290-сон Фармони билан 2018 йилда 3та қўшимча дам олиш куни: 2 январь, 20 март ва 31 август берилди. Norma шарҳида иш кунлари қопланишини ҳисоблашда амалиётда қандай муаммолар юзага келганлиги тўғрисида сўз юритилади.
 
Сўзимиз аввалида қўшимча дам олиш кунлари бюджет ташкилотларида мажбурий эканлигини қайд этиб ўтамиз. У ерда улар таътил кунларини қисқартириш орқали қопланади, бироқ таътил пули миқдорига таъсир кўрсатмайди.
 
Бюджет ташкилотлари ҳисобланмаган ташкилотларда (давлат ташкилотлари ҳам ана шундай бўлиши мумкин) қўшимча дам олиш кунлари меҳнат таътилига қўшимча бошқа кунлар билан бир қаторда ташкилотнинг молиявий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, меҳнат шартномалари ёки иш берувчи томонидан касаба уюшма қўмитаси билан келишиб қабул қилинадиган бошқа ички ҳужжатларда белгиланади. Шу сабабли корхона ушбу моделни танлашга қарор қилган бўлса, бюджет ташкилотлари учун белгиланган қоидаларни қўллаши мумкин.
 
Фармоннинг 3-бандида қайд этилишича: «бюджет ташкилотларида қўшимча дам олиш кунлари ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини уч иш кунига қисқартириш ҳисобига қопланади, ҳар йилги меҳнат таътили даврида сақланадиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини ҳисоблашда меҳнат таътилининг амалдаги давомийлиги ҳисобга олинади, унга қўшимча дам олиш кунлари қўшилади». Бунда ҳар қандай ташкилотда ҳар йиллик меҳнат таътилининг давомийлиги қисқартиришни ҳисобга олган ҳолда 15 иш кунидан кам бўлмаслиги керак.
 
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлигига Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши билан биргаликда 2018 йил февраль ойининг бошигача ушбу нормани қўллашга доир батафсил йўриқнома қабул қилиш топширилган эди. Бироқ мазкур мақола чиқарилган пайтга келиб (12.03.2018 йил) у эълон қилинмади. 
 
Юзлаб ташкилотлардаги кадрлар ва бухгалтерия хизматлари қонун ҳужжатларининг умумий нормаларига амал қилишига тўғри келмоқда. Шу аснода кўп саволлар юзага келди.
 
Иш кунлари қопланиши қандай ҳисобланади
 
Иш йили календарь йили (1 январдан 31 декабргача) билан мос келганда, ходим эса йил охирида таътилга чиққанда Фармоннинг 3-бандини қўллаш осон бўлади. Масалан, ходимнинг ҳар йилги меҳнат таътили давомийлиги 18 иш кунини ташкил этади. Ходим амалда 15 кун дам олади, таътил пули эса 18 кун учун тўланади.