KUN.UZ таҳририятига Самарқанд вилояти Жомбой тумани Назар қишлоғида истиқомат қилувчи Муҳаббат Сатторовадан мурожаат келиб тушди. Муҳаббат аянинг ёзишича, Ҳаж-2018 бўйича эру хотин ариза топширганларига қарамай, туман ишчи гуруҳи турмуш ўртоғини тавсия руйхатига киритган, аммо барча талабларга жавоб беришига қарамай, у мазкур рўйхатга киритилмаган. Биз масала моҳиятини тушуниш учун даставвал мурожаатчи билан учрашдик.

Мурожаатчининг айтишича, Ҳажга борувчиларни танлаб олишда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Низом талаблари бузилган. Номзодлар нотўғри танлаб олинган. Гарчи, у турмуш ўртоғи Саттаров Самад билан бирга ариза топшириб, туман ишчи комиссияси билан бўлиб ўтган илк суҳбатда уларга рухсат берилиши айтилган бўлса-да, тавсия этилганлар рўйхатида Саттарова Муҳаббатнинг исм-шарифи тушириб қолдирилган. 

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июнда қабул қилинган “Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 364-сон ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 декабрдаги “Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги 1031-сон қарори билан танишиб чиқдик

Хўш, ВМнинг 364-сон қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, Ҳажга борувчиларга қандай қўшимча талаблар қўйилади?

Бу саволга Низомнинг 28-2-бандида жавоб берилган: 

«Ҳаж» тадбирига боришга навбатга қўйиладиган номзодлар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим: 
а) номзод моддий ва жисмоний жиҳатдан «Ҳаж» тадбирига қодир бўлиши; 
б) «Ҳаж» амалларини тўғри ва тўла-тўкис адо этиши учун етарли диний билимга эга бўлиши; 
в) номзод маънавияти, маърифати ва одоб-ахлоқи билан маҳаллада обрў-эътиборга эга бўлиши;