«Ўзбекэнерго» компанияси 1 апрелдан электр энергияси тарифлари оширилишини маълум қилди. Янгиланган тарифлар реестри 14 март куни Ўзбекистон Молия вазирлиги томонидан тасдиқланди.

Тарифлар Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 ноябрдаги «Ёнилғи-энергетика ресурсларини ўз вақтида таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ қайта кўриб чиқилган. Қарорда 1 апрелдан электр энергиясини 12 фоизга ва табиий газни 10 фоизга ошириш кўзда тутилган эди.

Аҳолига етказиб берилаётган 1 кВтс электр энергияси айни вақтда 204,3 сўм. Бу нарх 1 апрелдан кейин 228,6 сўм бўлади. Электр плиталари билан жиҳозланган турар-жойларда яшовчи аҳоли учун эса электр энергияси нархи 1 кВтс учун 102,15 сўмдан 114,3 сўмга ошади.

Охирги марта электр энергияси ва бошқа коммунал хизматлар тарифлари 2017 йилнинг июлида оширилган эди.