
Наврўз умумхалқ байрами арафасида Учқўрғон туманида Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши ташаббуси билан “2018 – Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”га бағишлаб қурилган ўқув спорт-техника клуби биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда “KUN.UZ” таҳририятининг Намангандаги мухбири хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 февралдаги “Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларни малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 139-сонли қарори ижроси асосида бунёд қилинган янги автомактаб ўзида инновацион технологияларни мужассам этгани билан диққатга сазовордир.



Автомактаб тантанали очилишида сўзга чиққан Ўзбекистон мудофаасига кумаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Нурмуҳаммад Муллабоев, Учқўрғон тумани ҳокими Азимжон Ваҳобов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Зиёвиддин Мансуровлар ўсиб келаётган ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, қуролли кучлар тизимига чақирувчиларни тайёрлаш, спортнинг техник ва амалий туларини ривожлантириш, халқ хўжалигининг турли тармоқларига оммавий касб ходимларини тайёрлаш борасида кўрилаётган бу каби чора-тадбирлар ўз самарасини бераётганини таъкидладилар.




“Келажак замон савдо” масъулияти чекланган жамияти бунёдкорлари томонидан 840 миллион сўм маблағ эвазига қурилган икки қаватли муҳташам бинода автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун замонавий анжомлар, ўқув дастурлари билан жиҳозланди. Хусусан, сўнгги русумдаги компьютер жамланмалари, видеопроекторлар, қулай ўриндиқлар, электрон ва маркерли доскалар, “Нексия” автоуловининг электрлаштирилган қирқимли ҳаракатланувчи стенди, замонавий автотренажёрлар, кўргазмали паннолар, шунингдек, аудио-видеокузатув мосламалари тингловчиларга хизмат қилади.




















