«Ҳаёт учун марш». Америкаликлар Вьетнам уруши давридан буён энг йирик норозилик намойишларига чиқишди
Американинг барча шаҳарларида ўн минглаб ўсмирлар, ёшлар ва ёши катта кишилар митингларга чиқиб, мамлакатда қурол-яроғ эркин савдода сотилишини тўхтатишни талаб қилишди. «Ҳаёт учун марш» номини олган акциялар Нью-Йорк, Вашингтон, Чикаго, Денвер, Лос-Анжелес ва бошқа кўплаб шаҳарларда уюштирилди.
Associated Press хабарида қайд этилишича, бу маршлар Вьетнамдаги урушга норозилик сифатида ёш америкаликлар томонидан уюштирилган маршлардан буён энг йирик норозилик намойишларига айланди - кўчаларга юз минглаб кишилар чиқишди.
Хусусан, Нью-Йоркда намойишчилар сони 200 минг нафарга яқинни ташкил этди.
«Ҳайратланарли! Нью-Йоркда камида 175 минг киши «Ҳаёт учун марш»га қўшилди. Бу ҳали бошланиши. Бу талабалар Американи ўзгартиришади», дея ёзди твиттерида шаҳар мэри Билл де Блазио.
Акцияларни кўплаб таниқли шахслар қўллаб-қувватлашмоқда. Нью-Йоркдаги намойишларда The Beatles асосчиларидан бири Пол Маккартнини ҳам кўриш мумкин эди. CNN телеканалига берган интервьюсида у бу ишни ўз дўсти, 1980 йилда фанатлардан бири томонидан отиб ўлдирилган Жон Леннон хотираси учун ҳам қилганини айтиб ўтди.
Намойишчилар Мидтаундаги Марказий хиёбонда ҳаракатни бошлаб, Манҳэттенгача боришди. Йўл давомида бир қанча саҳналар уюштирилди. Улардан бирида Флорида февраль ойида содир этилган отишмадан омон қолган Меган Бонер ҳам чиқиш қилди.
«Ўсмирга қурол берилди ва 17 киши ҳалок бўлди. Мен ўзгаришларни хоҳлайман», — деди Бонер.
АҚШ президенти Дональд Трамп ҳозирча бу маршлар бўйича муносабат билдирмади. Унинг кортежи марш кўчаларни тўсиб қўйгани туфайли Флоридадаги қароргоҳга айланма йўллар орқали ҳаракатланишига тўғри келди.
Оқ уй вакили Зак Паркинсон ҳукумат «бугунги кунда америкалик ёшлар ўз конституцион ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда акция ўтказиши» қувонарли ҳол эканини қайд этиб ўтган.
«Ҳаёт учун марш» иштирокчилари февраль ойи охирида Флоридадаги Парклэнд мактабида 19 ўсмир томонидан 17 киши отиб ташланиши ва яна 14 киши жароҳатланиши воқеасига ҳукумат эътиборини яна бир бор қаратиб, қурол савдосини қатъийлаштиришни талаб этмоқда.
Флоридадаги отишма мактабнинг собиқ ўқувчиси Николас Круз томонидан содир этилганди. Полиция уни воқеа жойида қўлга олган, терговда аниқланишича, Круз AR-15 винтовкаси билан мактабга келиб, қирғин уюштирган. У қуролни сотиб олишдан олдин махсус текширувдан ўтганди.
Мавзуга оид
18:49 / 29.10.2024
Шимолий Корея Россияга 5,5 млрд долларлик қурол етказиб бергани айтилмоқда
20:11 / 07.10.2024
WSJ: «Қурол барони» Виктор Бут яна савдога қайтди. У ҳусийчиларга автомат сотиш битимида қатнашди
10:41 / 09.12.2022
«Қурол барони» Виктор Бутни америкалик баскетболчи Бриттни Грайнерга алмаштиришди
10:10 / 23.09.2022