Миср Саудияни ҳимоя қилмоқчи
Миср Саудия Арабистони хавфсизлиги ва барқарорлигини ҳимоя қилиш учун зарур ёрдамни кўрсатишга тайёр. Бу ҳақда 18 октябр куни Миср президенти девони маълум қилди. Reuters'га кўра, баёнот президент Абдулфаттоҳ ас-Сисий раислигида ўтган Миллий мудофаа кенгаши йиғилишидан сўнг эълон қилинди.
«Миср Саудия Арабистонига унинг хавфсизлиги ва барқарорлигини ҳимоя қилиш, ресурслари, ҳудудий яхлитлиги ва исломий муқаддас жойларини муҳофаза қилиш учун барча зарур ва мумкин бўлган ёрдам турларини кўрсатади», дейилади баёнотда.
Бундан аввал Сисий парламентдан агар Ар-Риёд сўраса, армияга Саудияни ҳимоя қилишда иштирок этишга рухсат беришни сўраганди. Миср парламентида овоз бериш 20 октябргача чўзилиши мумкин. Конституцияга кўра, қўшинларни хориждаги жанговар вазифага юбориш учун депутатларнинг учдан икки қисми розилиги талаб қилинади.
Мисрнинг бу қадами ҳусийларнинг Саудия Арабистонига ҳужумлари кучайган пайтга тўғри келди. Ҳусийлар сўнгги кунларда Риёд халқаро аэропорти ва Saudi Aramco компаниясига ҳужум қилмоқда. 10 октябр куни Риёд аэропортига уюштирилган ҳужумда 13 киши, жумладан, Миср фуқароси бўлган борт кузатувчиси ҳам ўлдирилганди. Саудия Арабистони ҳам Яманга зарбалар бериб келмоқда. 18 октябр куни бундай зарбаларда камида тўққиз киши ўлдирилгани хабар қилинди.
Ҳусийлар эса Мисрни урушга аралашмасликка чақирди. Ҳусийлар назоратидаги парламент спикери Миср парламенти раисига йўллаган мактубида бундай қадам Қоҳиранинг миллий хавфсизлигига жиддий хавф туғдириши ҳақида огоҳлантирган.
Маълумот учун, Ямандаги жанглар АҚШ ва Исроил Эронга қарши бошланган урушнинг яна бир фронтига айланиб кетди.
Франциядаги намойишлар
Францияда нархлар ошиши ва давлат хизматлари сифати пасайишига қарши умуммиллий намойишлар тартибсизликка айланди. 17 октябр куни ярим миллиондан ортиқ киши қатнашган юришларнинг аксарияти тинч ўтган. Аммо зўравон гуруҳлар полиция билан тўқнашди, дўконларни талади ва давлат биноларига ҳужум қилди.
Франция полицияси мамлакат бўйлаб 2400 кишини ҳибсга олди, 1000 га яқин полициячи жароҳатланган. Парижда бир намойишчи юрак тўхтаб қолиши оқибатида вафот этган. Лимож шаҳрида эса мэриянинг қадимий биноси ёқиб юборилди. Carrefour савдо тармоғининг 50 та дўкони зарар кўрган.
Президент Эммаунэл Макрон якшанба кунги телемурожаатида воқеаларни кескин қоралади. «Қандай қилиб французлар Францияга буни қила олади? Буни ҳеч нарса оқламайди, ҳеч нарса изоҳлай олмайди, ҳеч нарса кечирмайди. Бугун барчамиз ғазаб ва уятни ҳис қиляпмиз», деди у.















