Вазирлар Маҳкамаси Хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис тўғрисида низомни (1.04.2018 йилдан бошлаб амалга киритилмоқда) тасдиқлади ҳамда Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолияти тартибини белгилади.     
 
Norma’нинг ёзишича, иккала ҳужжат Президентнинг 2.02.2018 йилдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5325-сон Фармонини ижро этиш мақсадида қабул қилинди.

Фуқаролар йиғинларида хотин-қизлар билан ишловчи мутахассис бўлади

Лавозим жорий йил 1 апрелдан диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими ўрнига штат бирликларини туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталари тузилмасига ўтказган ҳолда жорий этилмоқда. Оилалар сони 2000 гача бўлган фуқаролар йиғинида битта мутахассис, оилалар сони 2000 ва ундан ортиқ бўлган фуқаролар йиғинларида эса 2 тадан мутахассис ишлайди.

Қуйидагилар мутахассиснинг асосий вазифалари этиб белгиланган:

• хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш;
• оилаларнинг репродуктив саломатлигини яхшилаш ва тиббий маданиятини ошириш;
• эрта никоҳ ва ажрашишларнинг олдини олиш;
• хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, уларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш;
• хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган хотин-қизларнинг ижтимоий реабилитацияси бўйича ёрдам бериш ва б.

Мутахассис лавозимига олий маълумотга эга бўлган, камида 5 йил тегишли фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ҳудудида доимий яшаётган, оиласи, турмуш-тарзи, хулқ-одобига кўра ижобий тавсифланадиган хотин-қизлар тайинланади. Судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки олиб ташланмаган шахслар ишга тайинланиши мумкин эмас. Бу лавозимга фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи тавсиясига асосан туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмитаси раиси томонидан тайинланади.