Ўзбекистон | 10:46 / 27.03.2018
64729
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: «Уруш олови» афғон халқига четдан тиқиштирилди

26-27 март кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилаётган «Тинчлик жараёни хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.

Конференция модератори - Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов анжуманнинг барча иштирокчиларини Афғонистон масаласида ҳамкорлик учун самимий қутлади.

Шундан сўнг, сўз Шавкат Мирзиёевга берилди.

«Бугун биз ҳам давримизнинг энг ўткир минтақавий ва глобал муаммолардан бири - Афғонистондаги қарама-қаршиликни ҳал этишни амалий руҳда муҳокама қилиб, биргаликда умумий бир ечим ишлаб чиқишга қодирмиз», деб таъкидлади Ўзбекистон Республикаси президенти.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, “жафокаш Афғонистон заминидаги бу тўқнашув қарийб 40 йилдан буён давом этмоқда ҳамда «уруш олови» афғон халқига четдан тиқиштирилди, бу афғон халқининг танлови эмас“.

«Ана шу йиллар мобайнида юз минглаб тинч аҳоли уруш қурбонига айланди, миллионлаб инсонлар ўз уйларини ташлаб кетишга ва бошқа мамлакатлардан бошпана излашга мажбур бўлди», деб фикр билдирди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев Афғонистонда халқаро террорчи гуруҳлар сонининг кенгайиши, зўравонлик ва қон тўкишлар, наркобизнеснинг барҳам топмаётгани - буларнинг барчаси бу мамлакатдаги вазият жаҳон жамоатчилиги томонидан инкор этилишига йўл қўйиб бўлмаслигини алоҳида таъкидлади.

Мавзуга оид