11:06 / 29.03.2018
25556

Тожикистонлик беш эркак Кемероводаги ёнғинда 50дан ортиқ одамни қутқариб қолди

Кемерово шаҳридаги “Зимняя вишня” савдо-кўнгилочар марказидаги кийим-кечак ва пойабзал сотиш бўйича дўконда ишлаган беш нафар тожикистонлик эркак 50дан ортиқ инсонни қутқариб қолди.

Кўплаб ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Кемерово шаҳридаги “Зимняя вишня” савдо марказида юз берган ёнғин вақтида Тожикистон фуқаролари одамларни қутқаргани ҳақида хабар берилди. Улар ўз дўконидаги захира эшиги орқали одамларни кўчага олиб чиқишган.

Асли Душанбедан бўлган, ушбу воқеада иштирок этган Фарзон Салимовнинг айтишича, у ва ҳамюртлари одамларни қутқариб, ўз бурчини бажарган.

"Одамлар ваҳимада эди, тиқилинч юз берди – ҳамма бинони тезроқ тарк этишга ҳаракат қиларди. Эскалатор ёнида кекса ёшлилар, аёллар ва болалар йиғилиб қолди, улар тутун туфайли кўчага қандай чиқиб кетишни била олишмаётганди. Баъзилар бўғила бошлади. Биз ҳаммани захира чиқиш эшиги орқали олиб чиқиб кетдик”, - дейди Фарзон.

Кейинчалик у ўз ҳамюрти Маҳмуд Хўжаев билан савдо марказининг бошқа бир қисмида тўсилиб қолган одамларга бинони тарк этишда кўмак кўрсатган. “Биз лифт ёнида турган одамларга кўчага чиқиб олишда ёрдам кўрсатдик. У ерда икки киши ҳаттоки ногиронлик аравачасида эди... Мен шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, биз бу одамларни қутқариб, ўзимизнинг инсоний бурчимизни бажардик”.

Қайд этилишича, Фарзон Салимов Россияда 2003 йилдан бери яшайди. У бу ерда ОТМни тамомлаб, Россия фуқаролигини олди. Айни дамда ўз оиласи билан Кемерово шаҳрида истиқомат қилади. “Зимняя вишня” савдо марказидаги кийим-кечак ва пойабзал сотиш бўйича дўконда Фарзон билан бирга Тожикистоннинг яна тўрт фуқароси ишлаган.

Сўнгги маълумотларга кўра, ёнғин оқибатида 64 киши ҳалок бўлди.

Top