2018 йил 2 апрель куни Адлия вазирлигида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун “Ахборот тарқатишда инсон ҳуқуқларини таъминлаш” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди. Унда мамлакатимизда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари, шу жумладан илғор интернет нашрлари (Kun.uz, Uz24.uz, “Норма”, “Даракчи” ва ҳ.к.) вакиллари иштирок этишди. 

Семинар-тренингда журналистлар томонидан ахборот тарқатиш жараёнида йўл қўйилаётган ва инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келиши мумкин бўлган камчиликлар таҳлил қилинди, материаллар тайёрлашда фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш ёки шахсий ҳаётига аралашиш ҳолатларига йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида фикр алмашилди.  

Семинар-тренингда сўзга чиққанлар, хусусан Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Олий суд вакиллари бугунги кунда ОАВлар фаолиятида нотўғри ахборот тарқатиш, суднинг қарори қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ва жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатиш, айби ҳали судда исботланмаган шахсни айбдорга чиқариб қўйиш ҳамда инсон ҳуқуқларини бошқача тарзда бузиш ҳолатлари учраётгани ва бу ҳуқуқий-демократик жамиятда йўл қўйиб бўлмайдиган ҳодиса эканлигини таъкидладилар. 

Ўз навбатида оммавий ахборот воситалари вакиллари, хусусан Kun.uz интернет нашри, “Солиқ ва божхона хабарлари”, “Адолат кўзгуси” каби босма нашрлар вакиллари давлат органларидан ахборот олишда, суд мажлисларини ёритишда қийинчиликларга дуч келаётганлари, ҳуқуқий мавзулардаги материаллар тайёрлашда ҳуқуқшунос экспертлар ёрдамига эҳтиёж борлиги ҳақида гапирдилар.  
  


Адлия вазирлиги масъул ходимлари томонидан журналистларга оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари нормаларининг мазмуни тушунтирилди ва уларни тўғри қўллаш юзасидан тавсиялар берилди. Шунингдек, ахборотни тарқатишда фуқароларнинг исмига, ўз тасвирига (фото/видео) бўлган ҳуқуқларини ва умуман инсон ҳуқуқларини бузиши мумкин бўлган ҳолатлар мисоллар билан тушунтириб берилди, бу йўналишдаги ноқонуний ҳаракатлар учун қонунларда жавобгарлик белгилангани маълум қилинди.