Спорт | 16:31 / 03.04.2018
20231
7 дақиқада ўқилади

Буффоннинг имкони. Чемпионлар лигасида чорак финал ўйинлари

Бугун, 3 апрель куни Европа Чемпионлар Лигасида чорак финал учрашувлари бошланиб, 4 апрель куни давом этади. «Трибуна» чорак финалнинг биринчи учрашувлари анонсини тақдим этади.

Жижига уйқу бермас Роналду

Фото: AFP

«ЮВЕНТУС» - «РЕАЛ»
Бугун. Турин. «Алльянц». 23:45 (Матч ТВ)
Ҳакам: Жунайт Чақир (Туркия)

«Реал» охирги марта 3 йил муқаддам Чемпионлар лигасидан эрта чиқиб кетганди. Ўшанда «Қироллик клуби»да ҳали Карло Анчелотти ишлар, дарвозани Икер Касильяс қўриқлар, «Ювентус» ҳужумида Тевес-Мората жуфтлиги ҳаракатланарди. Ўша баҳорда туринликлар мадридликларни ярим финал умидидан мосуво этган ва якунда Карло Анчелотти истеъфога чиқишига сабабчи бўлганди. Италиялик мутахассис мавсумни совринсиз якунлаган ва «Сантьяго Бернабеу»ни тарк этишга мажбур бўлганди.

Ҳозирда Зинедин Зидан ҳам шунга ўхшаш вазиятда қолган. «Реал» Испания Кубогини аллақачон тарк этган, «Барселона»ни ички чемпионатда қувиб етиш имкониятини йўқотган, фақат Чемпионлар лигасида назарий максимум жиҳатидан имкон сақланиб қолмоқда. Испан клуби ушбу қарама-қаршиликда фаворит сифатида қаралмоқда, шу билан биргаликда, нимчорак финалда «Тоттенҳэм»га қарши қийин ўйинлардан ўтган «Ювентус» дарвозабони Жанлуижи Буффоннинг Чемпионлар лигасида ғолиб бўлиш орзуси ҳамон тирик. Гарчи, у «Реал» «Ювентус»дан кучлироқ эканини тан олган бўлсада: «Реал» «Ювентус»дан кўра катта ва муваффақиятли жамоа. Мен тарих ва статистикадан келиб чиқиб бундай демаяпман. «Реал» - захираси ҳам кучли бўлган жамоа. Улар кейинги 4 мавсумда 3 марта ЕЧЛ ғолиби бўлганликлари ҳам кўп нарсадан дарак».

Буффон шунингдек, Криштиану Роналду билан яна тўқнаш келиши унга уйқу бермаётганини тан олган. Уни португалиялик футболчи Чемпионлар лигасининг охирги 9 учрашувида узлуксиз гол ургани ҳам чўчитмоқда. Агар у бугун Буффон дарвозасини ҳам ишғол қилса, турнирда қаторасига 10 ўйинда гол урган илк футболчи сифатида тарихга киради.

Клопп: «Манчестер Сити»га қарши чора борми?

Фото: Спорт Экспресс

«Ливерпуль» - «Манчестер Сити»
Эртага. Ливерпуль. «Энфилд» стадиони. 23:45
Ҳакам: Феликс Брих (Германия)

Нимчорак финалга Англиянинг биратўла 5 клуби чиққанди. Ярим финалгача эса уларнинг фақат биттаси қолади - «Манчестер Сити» ёки «Ливерпуль». Чорак финалга ўтган икки инглиз клубини қуръа ўзаро рўбару қилди. Кейинги йилларда бундай даражадаги жамоаларнинг тўқнашуви класико даражасига кўтарилмоқда.

Британияликлар 2012 йилдан буён Чемпионлар лигаси финалида бўлишмаган. Турнирда икки инглиз клубининг ўзаро тўқнашуви эса охирги марта 7 йил муқаддам кузатилган. Ўшанда «МЮ» чорак финалда «Челси» тўсиғидан ўтганди, 2009 йили эса «Ливерпуль» ва «Челси» ўртасида тарихий учрашувлар кечган, чорак финалнинг жавоб учрашуви 4:4 ҳисобида якунланган, голларнинг 4таси охирги 15 дақиқа ичида урилганди.

Эндиликда, мухлислар «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль» ўртасида ҳам шундай томошабоп ўйинга гувоҳ бўлишлари мумкин. Чемпионатнинг жорий мавсумидаги икки ўзаро ўйин ҳам мезбон жамоанинг тўлиқ устунлигида кечди. Мавсум бошида «Сити» рақиб етакчиси Садио Мане ўйиннинг биринчи қисмида қизил карточка олиб майдонни тарк этган, йирик ғалабага эришди (5:0). Иккинчи даврада Ливерпулда кечган ўйинда эса мерсисайдликлар устунликка эришди, Клопп шогирдлари аввалига 4:0 ҳисобида олдинда боришди, ўйиннинг иккинчи қисмида меҳмонлар 3та жавоб голи қайтаришди (4:3).

«Шаҳарликлар»ни ички чемпионат жиддий даражада қизиқтирмай қўйган, чемпионлик масаласи деярли ҳал бўлгани учун Гвардиола асосий эътиборни Чемпионлар лигасига қаратмоқда. Шанба куни «Манчестер Юнайтед» билан ўйинда жамоа чемпионликни расмийлаштириши мумкин бўлсада, Гвардиола бу ўйинга захира таркибни тушириб, асосий таркибни 4-11 апрель кунларида «Ливерпуль»га қарши кечадиган ўйинларда ўйнатмоқчи.

«Барса» ва «Бавария». Улар деярли ярим финалда

Фото: Спорт Экспресс

СЕВИЛЬЯ – БАВАРИЯ
Бугун. Севилья. «Рамон Санчес Писхуан» стадиони. 23.45 (Матч Футбол 1).
Ҳакам: Орсато (Италия).

БАРСЕЛОНА – РОМА
Эртага. Барселона. «Камп Ноу». 23.45
Ҳакам: Маккели (Нидерландия).

Каталонлар ва немисларга нисбатан кучсиз клублар рақиб бўлишган. «Рома» ва «Севилья» эса ўзларига бўлаётган муносабатдан хурсанд. «Гуруҳ босқичида ҳам бизнинг имкониятларимизни ҳеч ким юқори баҳоламаганди. Шунинг учун, барча кутиб турсин», дейди римликлар жамоаси ҳужумчиси Стефан ал-Шаъровий.

Тан олиш керак, «Рома» гуруҳ босқичида «Челси» ва «Атлетико»ни ортда қолдирди, нимчорак финалда эса «Шахтёр» тўсиғидан ўтилди. Аммо «Барселона» бутунлай бошқа олам.

«Севилья» ўтган шанба кунги ўйинда «Барселона»ни енгиши мумкин эди - Винченцо Монтелла жамоаси бу мавсумда ички чемпионатда «Барселона»ни енгган илк жамоага айланиши мумкин эди, аммо ўйиннинг охирги дақиқаларида Суарес ва Месси бунга йўл қўйишмади. Андалусияликлар нимчорак финалда «Манчестер Юнайтед» тўсиғидан ўтиб, нималарга қодирликларини намойиш этишганди. Лекин «Бавария» билан ўйин осон кечмаслиги аниқ. Шанба куни мюнхенликлар жамоаси Дортмунднинг «Боруссия»сини яксон этишганди (6:0). Ўйиндан кейин эса Ҳуммельс шундай деди: «Биз ҳали мукаммалликдан йироқмиз».

Мавзуга оид