Буюк соҳибқирон, давлат арбоби Амир Темурнинг 682 йиллиги Ўзбекистонда ўзгача руҳда нишонланмоқда - бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар фонида барча бу санани аъло кайфиятда нишонламоқда.
9 апрель куни Амир Темур дунёга келган Хўжа Илғор қишлоғига кўплаб меҳмонлар ташриф буюришди. Қишлоқнинг тарихий бурчагида - Хўжа Илғорнинг марказий майдонига уланиб кетган, буюк соҳибқироннинг туғилиши билан боғлиқ бўлган қадимий қудуқ мавжуд. Халқаро Пресс-клубнинг Сайёр Пресс-клуб форматидаги "Хўжа Илғор: қайта кашф қилинган тарих – янги сайёҳлик йўналиши" мавзуидаги сессияси айни шу маконда бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва қатор оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда ўтказилди.




Тадбир халқ сайли форматида бўлиб ўтди. Ажойиб об-ҳаво, ёқимли ҳис-туйғулар, ям-яшил табиат - буларнинг бари Хўжа Илғорга ташриф буюрган ҳар бир меҳмонга хушкайфият улашди. Майдонда Амир Темур яшаган даврни ёдга солувчи миллий ҳунармандчилик намуналари, миллий ўйинлардан лавҳалар ва этнографик саҳналарни кўриш мумкин, ўтовлар-ку чет эллардан ташриф буюрган сайёҳларда катта таассурот қолдирди.

"Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Амир Темур шахсига ҳурмат, Соҳибқирон бобомиз ва темурийлар даврини қайтадан кашф қилиш, Амир Темур даврининг нафақат Ўзбекистон, балки дунё халқлари давлатчилигида тутган ўрнининг ўзига хос хусусиятларини очиб бериш, бу жиҳатларнинг ёшларимиз ҳаётидаги тарбиявий аҳамиятини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда,

























