Ўзбекистон | 16:24 / 10.04.2018
35710
3 дақиқада ўқилади

Имом Бухорий мажмуасига кириш пуллик қилиб қўйилганига изоҳ берилди

Фото: muslim.uz

Таҳририятимизга Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Имом ал-Бухорий мажмуасига кириш пуллик қилиб қўйилганидан норози бўлган айрим ҳамюртларимизнинг мурожаат келиб тушди. Kun.uz мухбири вазиятда ойдинлик киритиш учун Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуасига бориб, унинг раҳбари Деҳқонбой Эрмаматов билан суҳбатлашиб қайтди.

– Дарҳақиқат бугунги кунда мажмуага кириш учун маҳаллий зиёратчилар 1000 сўм қилиб белгиланди. Ёш болалар ва мактаб ўқувчиларига кириш текин, — деди Деҳқонбой Эрмаматов. – Шу пайтгача мазкур иншоотни сақлаш, қўриқлаш, ҳудудни ободонлаштириш, меҳмонлар учун зарур шарт-шароит яратиш ҳамда ходимларга иш ҳақи бериш, коммунал тўловларни тўлаш каби харажатлар мажмуага келувчи фуқароларнинг эҳсонлари, ҳомийлар маблағи ҳисобидан қопланиб келган. Энди 1 мартдан эътиборан буларнинг барчасига кириш чиптасидан тушаётган маблағлар йўналтирилмоқда.

Бу ҳақда Мусулмонлар диний идораси расмий веб саҳифасида ҳам тушунтириш бериб ўтилган.

Ички туризмнинг ривожлантирилишига берилаётган эътибор самараси ўлароқ, бугунда мажмуага сайёҳлар оқими кескин кўпайган ва зиёратгоҳда улар учун қўшимча қулайликлар яратиш, янги иш ўринлари очиш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлашни тақозо этмоқда. Шу сабабли зиёратчиларнинг мажмуага кириши пуллик тартиб асосида йўлга қўйилди.

Бу тартиб ўрнатилишидан аввал зиёратгоҳда ҳожатхонадан фойдаланиш, фото ва видеосъёмка ҳамда музейга кириш алоҳида пуллик эди. Энди эса фақат киришда турникет олдида пул олинади ва ичкарида барча хизматлар бепул тақдим этилади.

Қолаверса, киришнинг янги тартиби қўлланилганидан сўнг тушум роппа-роса икки баробарга ошди, ҳудуднинг озодалигига масъул ходимларнинг маошини ошира олдик, газ ва электр энергияси тўловларини ўз вақтида амалга ошира бошладик.

– Хорижлик зиёратчилардан кириш чиптаси учун қанча нарх белгиланган?

– Долларнинг давлат курси паст бўлган пайтларда бу 4 АҚШ доллари эквивалентида бўлган. Валюта либераллаштирилишидан сўнг унинг нархи ҳам қайта кўриб чиқилди ва айни пайтда хорижлик сайёҳлар учун кириш 20 минг сўм этиб белгиланган.

Мажмуага айни пайтда дам олиш кунларида ўртача 5 минг нафар сайёҳ келмоқда. Ўзбек халқи болажон халқ, албатта сайр-у томошага болаларини ҳам олиб боришади. Мажмуага болалар текин киришади, демак 5 минг нафардан 1,5 минг нафарини мактаб ёшидаги болалар ташкил этади. Наврўз байрами муносабати билан эълон қилинган таътил кунларида кунига 15–17 минггача зиёратчи ташриф буюрди. Биринчи навбатда бу сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш талаб этилади. Шу мақсадда илгариги битта қўриқлаш пости иккитага етказилиб, тун-у кун қўриқлаш жорий этилган. Тушум ошгач, буларнинг барчасини ўзимиз молиялаштирмоқдамиз. Мажмуа ичида «Хавфсиз туризм» ходимлари фаолият кўрсатмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов,

Kun.uz мухбири

Мавзуга оид