18:37 / 10.04.2018
12955

12 апрелдан Тошкентдан Олмаотага автобус қатнайди

Фото: migrant.ru

Тошкент шаҳридан Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрига 12 апрелдан автобус қатнови йўлга қўйилади. Бу ҳақда «Ўзавтотранс» агентлиги матбуот хизмати хабар берган.

«Тошкент — Олмаота» халқаро автобус йўналиши очилиш маросими 11 апрель куни соат 16:00да бўлиб ўтади ва мунтазам қатновлар 12 апрель кунидан йўлга қўйилиб, «Тошкент» автовокзалидан кунига 3 мартадан (соат 16-00; 17-00 ва 18-00) қатнов амалга оширилади. «Олмаота — Тошкент» йўналишидаги рейслар «Сайран» автовокзалидан йўлга чиқади.

«Ўзавтотранс» агентлиги Қозоғистон Республикаси Инвестициялар ва ривожланиш вазирлигининг транспорт қўмитаси билан ҳамкорликда халқаро автобус йўналишини очиш бўйича тайёргарлик ишларини амалга оширган. 11 апрель куни синов рейси амалга оширилади.

Йўналиш масофаси 818 километрни, йўлдаги вақт эса 16 соату 30 дақиқани ташкил этади. Жадвалларда «Ғишт Кўприк» (Ўзбекистон) ва «Жибек Жўли» (Қозоғистон) чегара ва божхона назорат пункти текширувидан ўтиш учун 30 дақиқадан вақт ажратилган.

Ташувчилар томонидан йўналиш бўйича йўл ҳақи нархи 100 минг сўм ва тегишли равишда 4000 минг тенге нархда ташилиши ташувчилар томонидан эълон қилинди. Ўзбекистон бу йўналишда «ERKIN EMINA EXPRESS TOUR» МЧЖ тасарруфидаги YUTONG (Хитой), Қозоғистон эса «YuG TRANS LAYN»нинг VANHOL (Бельгия) маркали автобусларидан фойдаланади.

«Автобуслар ҳаракати жадвалига риоя этиш мақсадида, томонлар божхоначилари ва чегарачилари «Тошкент – Олмаота – Тошкент» халқаро автобус йўналиши бўйича ҳаракатланаётган автобуслар ва йўловчиларни «Ғишт Кўприк» (Ўзбекистон) ва «Жибек Жўли» (Қозоғистон) чегара ва божхона назорат пунктларидан ўтиш жараёнини устувор тартибда амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишган, бу эса йўловчилар учун муҳим ва аҳамиятли ҳоллардан бири ҳисобланади», дейилган хабарда.

Top